Bosh sahifa Jamiyat Вилоят кенгаши сессиясида: шифохоналар раҳбарлари маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот беради

Вилоят кенгаши сессиясида: шифохоналар раҳбарлари маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот беради

0

31 октябрь куни вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг навбатдаги қирқ бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Депутатлар, корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган сессияда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид 10 дан ортиқ масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, Кармана, Навбаҳор, Нурота ва Хатирчи туманларидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Хусусан, ишчи-гуруҳ фаолияти давомида бугунгача мазкур ҳудудларда 11,5 мингдан ортиқ муаммо аниқланган бўлиб, уларнинг  8 мингтаси жойида бартараф этилган. Сессияда ҳокимликлар республика даражасида ҳал этиладиган масалалар ечимига қаратилган асослантирилган чора-тадбирлар лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этиш вазифасим белгиланди.

Шунингдек,  вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан
2018 йилнинг 9 ойи давомида аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан, мазкур даврда 147 та қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 34 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 55 та қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди. Бундан ташқари, 26 та қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлар истиқомат қилиши учун уй-жойларга ва 21 та қишлоқ врачлик пункти тез тиббий ёрдам шахобчаларига айлантирилди. Навбаҳор ва Кармана туманларида 5 тадан, Қизилтепа туманида 11 та, Хатирчи туманида 8 та, Нурота туманида 4 та ва Конимех туманида 1 та қишлоқ оилавий поликлиникалари янгидан ташкиллаштирилди. Шунингдек, тез тиббий ёрдам тизими хизматида 8 та туманда 34 та тез тиббий ёрдам шахобчалари ташкил этилди, шундан 24 таси қишлоқ оилавий поликлиникалар ва 10 таси қишлоқ врачлик пунктлари таркибида тез тиббий ёрдам шахобчаларидир.

Аҳолига тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш ҳамда кўп сонли мурожаатларни инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига 5 та қишлоқ оилавий поликлиника (Кармана туманида “Лубатон”, Ҳ.Мавлонов, Навбаҳор туманида “Навоий”, Қизилтепа туманида “Тавоис”, Хатирчи туманида “А.Навоий” ҚОП) ва 16 дона янги тез тиббий ёрдам шохобчаларини қўшимча равишда очиш бўйича таклифлар берилди.

2018 йил 9 ойда маҳаллий бюджетдан тез тиббий ёрдам бўлимларига жами 1,9 млрд сўм ажратилган бўлиб, бу даврда чақириқлар сони 237,9 мингтани, 1 та чақириққа кетадиган дори-дармон харажати ўртача 5 минг  сўмни ташкил этди.  Бундан ташқари, маҳаллий бюджетдан амбулатория поликлиника муассасаларига 62,7 млрд сўм, шундан дори-дармонга 1,3 млрд сўм маблағ ажратилди. Бир амбулатория қатновига сарфланган маблағ 11929 сўм, шундан дори-дармон харажатлари учун 2402 сўмни ташкил этган.

Муассасаларнинг жорий таъмирлаш харажатларига бюджетдан
3,7 млрд сўм, капитал таъмирлаш харажатларига 2,1 млрд сўм, юмшоқ жиҳозлар хариди учун 749,5 млн сўм, асосий воситалар харид қилиш учун
5,0 млрд сўм маблағ ажратилди.

2018 йил 9 ойда вилоят ва туман ҳокимларининг фармойишлари асосида даромадларни харажатлардан ошган қисми ҳисобидан соғлиқни сақлаш тизимига жами 1 млрд 515 млн 275 минг сўм маблағ ажратилди, шундан жорий таъмирлашга 552,0 млн сўм, юмшоқ жиҳозлар олиш учун
48,0 млн сўм, дори-дармон олиш учун 79,9 млн сўм, капитал таъмирлаш учун 596,4 млн сўм ҳамда асосий воситалар хариди учун 196,4 млн сўм маблағ ажратилди.

Депутатлар томонидан мазкур жараёнлар муҳокама қилинар экан оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларида, шунингдек тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳар чоракда ҳисобот бериб боришини қатъий назоратга олиш белнгиланди.

Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги “2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан оналар ва ўсмирлар саломатлигини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан аёллар ва қизларга 24 соат давомида туну-кун тиббий маслаҳат ва уларни репродуктив саломатлиги билан боғлиқ муаммоларини ечимига ёрдам берадиган “Тезкор алоқа” тармоғи – 1003-тиббий хизматини намунали олиб бориш белгиланди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ҳарбий-маъмурий секторларни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси ҳам кўриб чиқилди. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “Навоий лойиҳа” МЧЖ  томонидан ҳарбий-маъмурий сектор жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятдаги мавжуд ҳарбий қисм ва муассасаларнинг ҳарбий инфратузилмасини ривожлантиришда сусткашликларга йўл қўйиб келаётганликлари танқидий муҳокама қилиниб, қилиниши лозим бўлган вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари, вилоятда норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан 2018 йилнинг 9 ойи давомида вилоятдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жами 40 та қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 35 таси қонунчиликка мувофиқ деб топилган, 5 та лойиҳалар қонунчиликка ва қонунчилик техникаси қоидаларига номувофиқлиги ёки унда ички қарама-қаршиликлар мавжуд бўлганлиги сабабли қайтарилган.

Бошқарма томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятдаги 90 дан ортиқ ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш аҳволи юзасидан ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилган ҳамда ушбу соҳани такомиллаштириш юзасидан хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганилган ҳолда таклиф ишлаб чиқилган.

Сессия давомида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.