Bosh sahifa Jamiyat Вилоят ҳокими эътирози: Навбаҳорда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти

Вилоят ҳокими эътирози: Навбаҳорда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти

0

Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов Навбаҳор қишлоқ хўжалик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида сайёр қабул ўтказди. Унда  вилоятдаги корхона-ташкилот ҳамда муассасалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда даставвал туманни иж­тимоий-иқтисодий юксалтириш бўйича ўтган йили бажарилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар хусусида сўз борди. Жумладан, “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида “Қуш­қочди” ҳамда  “Ялтиработ” маҳаллаларида аҳоли учун кенг қулайликлар яратилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, вилоят ҳокими депутатлар фаолиятига ҳам эътибор қаратиб, уларнинг фаоллигини ошириш зарурлиги, туманда тадбиркорликни ривожлантиришда мавжуд имкониятлардан аҳоли, хусусан ишбилармон тоифа вакиллари унумли фойдаланмаётганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, туманни ҳартомонлама юксалтиришда тадбиркорлик ташаббусларининг етишмаётгани, айрим кишиларда эса ҳамон боқимандалик кайфияти мавжудлиги ҳолатларини ҳам танқид қилди.

Шундан сўнг аҳоли мурожаатлари, уларни қийнаётган муаммоларга эътибор қаратилди. Хусусан, йиғилганлар томонидан ички йўлларнинг носозлиги, тиб­бий хизмат сифатининг пастлиги, аҳо­лига имтиёзли нархларда сотилаёт­ган ун маҳсулотининг ўз вақтида етиб келмаётгани, ижти­моий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви этказиб бериш тизимини янада та­комиллаштириш, ишсизликни бартараф этиш каби долзарб масалалар ўртага ташланди.

— Бу учрашувнинг қишлоғимизда ўтказилгани айни муддао бўл­ди, — дейди «Қизилтепа» маҳалласида яшовчи А. Бў­ронов. — Мулоқот давомида 31- умумтаълим мак­та­би­даги мавжуд муаммолар ҳамда янги мактабгача таълим муас­­са­саси ташкил этиш ҳақидаги таклифим ижобий қабул қилинди. Янги ўқув йилидан бошлаб фарзандларимиз таҳсилни барча шароитларга эга таълим даргоҳида давом эттиради. Мазкур ма­сала ижобий ечим топиши учун зарур кўрсатмалар бе­рилганидан мумнунмиз.

Очиқ мулоқотда «Янги куч» маҳалласидан А. Шодиевнинг аҳолига си­фатли кўмир маҳсулоти этказиб бериш, «Меҳнат» маҳалласида яшовчи М. Ходжаевнинг фермер хўжаликлари ва томорқаларда юзага келаётган эр шўрланиши жараёнини камайтириш мақ­садида зовур қазилиши зарурлиги, «Учтут» маҳалласидан С. Маматовнинг ҳудудда хусусий мактабгача таълим муассасаси таш­кил этилиши ҳақидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилиши юзасидан муассаса ва ташкилотлар вакиллари билан келишиб олинди, «Қалқонота» маҳалласидан Д. Жўраева эса жамоатчилик асо­­сида ишга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, йиғилишда томорқа маданиятини юксал­ти­риш, қишлоқларда оилавий мактабгача таълим муас­са­салари фао­лиятини йўлга қўйиш, чорвачилик ва парран­да­чи­ликни ри­вож­лантириш, ободонлантириш ишларида маҳалла фаоллари­нинг ролини кучайтириш, тадбиркорларга бўш тур­ган бино­лар­дан фойдаланишда имтиёз ва имкониятлар бериш, кредитлар аж­ратиш масалалари бўйича ҳам йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Таъкидлаш керак, вилоят раҳбарларининг бевосита жойларга чиқиб, халқ билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этаётгани ҳудудларда аҳоли муаммоларига самарали ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нигора РЎЗИЕВА, журналист.