Bosh sahifa Yangiliklar Вилоят ҳокими инновацион ғоялар учун 65 миллион сўм ажратди

Вилоят ҳокими инновацион ғоялар учун 65 миллион сўм ажратди

0

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшлар келажак бунёдкори” шиори остида ёш тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерлар ҳамда ёшлар томонидан яратилган инновацион лойиҳалар ва маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Айниқса, Навбаҳор, Кармана туманлари ва Навоий шаҳридан иштирок этган ёшларнинг янги ишланмалари мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.

Хусусан, Навбаҳор туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Бекзод Одилов барқарор муқобил энергияси олиш манбаи лойиҳасини яратди. Иккита қувват батареялари ёрдамида ўзгармас электр энергиясини ўзгарувчан энергияга айлантириш ва бу жараёнда батареяларни ҳам қувватлаш ишконини берувчи “туганмас” энергия манбаини ишлаб чиқди. Бир оила эҳтиёжига етадиган бундай қурилмани яратиш учун 5 миллион сўм сарфлансада, у хонадонни узлуксиз 4 йил давомида чароғон қилиб туради. Бу инновацон ғоя истиқболи учун вилоят ҳокими 10 миллион сўм молиявий кўмак берадиган бўлди.

Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Хумоюн Ҳайдаровнинг ихтироси бунданда ғаройиб.

– “Smart Fun System” яъни ақлли вентилятор лойиҳаси ҳар бир хонадон учун жуда асқотади, – дейди Хумоюн. – Хусусан, қурилма хона ҳароратини мўътадил сақлаб, иссиқлик 33 градусдан ошса вентилятор ишга тушиб, хонани совита бошлайди. Агарда уйда ис гази тўпланса, “эҳтиёт бўлинг хонада газ” ёзуви пайдо бўлиб, ўзидан огоҳлантириш сигнали тарқатади.

Унинг мазкур лойиҳаси тақдимоти муваффақиятли ўтиб, унинг изланишларини рағбатлантириш учун вилоят ҳокими 5 миллион сўм ажратди.

Хумоюн жорий йил Тошкент политехника музейида ўтказилган “Ёш ихтирочи-2018” республика танловида қатнашиб, “Энг яхши муҳандислик иши” наминацияси ғолиби бўлди. Унга яна бир имтиёз берилди: Асака шаҳридаги автомобил заводига бир кунлик мақсадли саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритди. Шунингдек, “Қизил сув” масканида дам олиш учун йўлланмани ҳам қўлга киритди.

Ёш ихтирочининг биринчи иши масофадан туриб бошқариладиган релсли минора крани лойиҳаси мутахассислар эътиборига тушган. У изланишда давом этмоқда. Навбатдаги ихтиро кичик ҳажмдаги автомобиллар учун мўлжалланган ҳамда кўчма музлаткич тез орада омма эътиборига хавола этилади.

Шунингдек, тадбир давомида республикамиздаги машҳур брендлар асосчилари, муваффақиятга эришган ва тажрибали тадбиркорлар иштирокида ёшлар учун “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди. “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги “Green line profil” қўшма корхонаси ҳамда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Навоий машинасозлик заводига саёҳатлар уюштирилди.

Учрашувда вилоят ҳокими К.Турсунов сўзга чиқди.