Bosh sahifa Jamiyat Вилоят ҳокими матбуот котиби: ҳисобот учунгина ОАВга чиқиш қилишнинг даври аллақачон ўтган

Вилоят ҳокими матбуот котиби: ҳисобот учунгина ОАВга чиқиш қилишнинг даври аллақачон ўтган

0

Бугун, 22 август куни Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Навоий вилоят ҳокимилиги ҳамда вилоят матбуот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида  матбуот котиблари, шунингдек журналистлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда вилоят ҳокими матбуот котиби Дилшод Мамаражабов давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июнда эълон қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари  ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси хусусида муносабат билдирди. Жумладан, маърузада мазкур қарорнинг ижроси қониқарсиз аҳволда экани, вилоятдаги кўплаб бошқармаларда матбуот котиблари масаласи бугунгача ҳал этилмагани тезкор ва холис ахборотни аҳолига ўз вақтида етказишда муаммолар келтириб чиқараётганлигини таъкидланди.

Сўнгги бир-икки ойининг ўзида ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида Навоий вилояти бўйича 60 та материал эълон қилинган. Уларнинг 31 таси салбий мазмунда. Танқидларнинг 50 фоизи эса нохолис. Шуларнинг бор йўғи 2 тасига муносабат билдирилган, холос.

Халқ таълими, спорт, маданият бошқармалари, вилоят ДСЭНМда матбуот котиблари йўқ. Ваҳоланки, танқидий чиқишлар асосан ижтимоий соҳалар билан боғлиқ бўлаяпти.

photo_2019-08-22_17-53-00 (2)

Д. Мамаражабов республика босма нашрларидаги чиқишларга ҳам аҳамият қаратди. Охирги бир ойда марказий босма нашрларда бор-йўғи ўндан ортиқ чиқишлар қилинган. Улар асосан хабар мазмунидаги материаллардан иборат. Мутасадди идоралар томонидан журналистларга нега амалга оширилаётган йирик лойиҳалар хусусида таҳлилий маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаяпти? Нега вилоятда амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлар хусусида мақолалар марказий ОАВда кам кўринмоқда?

— Россия мудофаа вазирини ҳеч ким танимаслиги мумкин, бироқ унинг матбуот котибини ҳамма билади, — деди вилоят ҳокими матбуот котиби. ­­– Ёки ривожланган мамлакатларда раҳбарлар қиладиган ишлари юзасидан жамоатчиликка баёнот бериш билан иш бошлаб, кун якунида қилинган ишлар хусусида ҳам ахборот беришади. Бизда эса раҳбарлар шаффофлик, очиқликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратмаяпти. Шунингдек, айрим ҳуқуқ идоралари ва бошқа муассасалар вакиллари ҳисобот учунгина ОАВга чиқиш қилишга ҳаракат қилишмоқда. Бунинг даври аллақачон ўтган, аслида.

Йиғилишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими фаолияти танқид қилинди. Ёшлар ижодий тўгараклари фаолияти айниқса, ўз ҳолатига ташлаб қўйилганига эътироз билдирилди. Бу борада ҳам қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканлиги таъкидланди.

Муҳокамалар давомида  вилоят матбуот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Тошназаров, “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси бош муҳаррири Бектемир Пирнафасов ва бошқалар сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳаларини билдирди.

Йиғилиш якунида тегишли идораларда матбуот котиблари масаласини зудлик билан ҳал қилиб олиш юзасидан келишиб олинди.