Bosh sahifa Jamiyat Вилоятдошимиз Фарҳодбек Умаров: машинист ёрдамчисидан академикликкача

Вилоятдошимиз Фарҳодбек Умаров: машинист ёрдамчисидан академикликкача

0

Техника фанлари доктори, Федерал давлат автоном таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали  директори Ф.Умаров яқинда Евроосиё кончилик  фанлари академиясининг энг ёш академиги бўлди.

Журналистлар оиласида  вояга етган олим Навоий шаҳридаги 11-умумий таълим мактабида таҳсил олган. Сўнгра Навоий давлат кончилик институтини тамомлаб, ушбу олийгоҳнинг илк битирувчилари сафида НКМК тизимидиги корхоналарда, хусусан “Мурунтов” олтин конида машинист ёрдамчиси лавозимида иш бошлаган Ф.Умаров айни шу кезларда кончилик соҳасида чуқур илмий изланишлар олиб боришга қарор қилади. Кейинчалик Тошкент давлат техника университетида  ўқиб, магистрлик унвонини олди. 32 ёшида номзодлик, 39 ёшида эса докторлик диссертациясини ёқлаш шарафига ҳам муяссар бўлди. Илмий салоҳияти боис мазкур университетининг  геология ва кончилик иши факультети декани вазифасида фаолият юритди.

Яқинда олимга Навоий кон-металлургия комбинати ва Навоий шаҳрининг 60 йиллик тантаналари муносабати билан шарафли унвон тантанали равишда топширилгани нафақат унинг оиласи, балки вилоятимиз илм аҳли учун ҳам яхши янгилик бўлди.

 ­- Ҳамиша қаерда ўқимай, қаерда ишламай яхши устозлар меҳридан, уларнинг билимлари хазинасидан баҳраманд бўлганман, — дейди олим биз билан суҳбатда. — Евроосиё кончилик  фанлари академияси томонидан  ўзбекистонлик 6 нафар техника фанлари докторлари — Баҳодир Раимжонов, Юнус Норов, Ўткир Носиров, Қувондиқ Санақулов, Илҳом Мислибаевлар – устозларим қаторида менга ҳам юксак унвон берилганидан бошим кўкка етди. Бу ютуқ замирида аввало уларнинг меҳнати мужассам.

Ёш академик “Чуқур карьерларда масъулиятли муҳандислик иншоотлари ҳолатини бошқариш усулларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги докторлик диссертацияси ёқлаган. Кончилик соҳасида ўта долзарб бўлган мазкур масала АҚШ, Германия, Буюк Британия, Хитой, Чехия, Россия Федерациясидаги етакчи илмий марказлар ва олий таълим муассасаларида  кенг татбиқ этилмоқда.

Маруса ҲОСИЛОВА, журналист.