Bosh sahifa Mualliflardan ВИЛОЯТНИНГ ФИТОСАНИТАР ҲОЛАТИ БЎЙИЧА ЭЛЕКТРОН ХАРИТАСИ ЯРАТИЛДИ

ВИЛОЯТНИНГ ФИТОСАНИТАР ҲОЛАТИ БЎЙИЧА ЭЛЕКТРОН ХАРИТАСИ ЯРАТИЛДИ

0

Малумки, республикамиз Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар ҳимояси ва карантини ташкилотига аьзо саналади. Мазкур аъзолик ва унинг талабларини амалда тўлиқ бажариш мамлакатимизда етиштририлаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж бозорида сотишда муҳим аҳамият касб этади.  

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ҳамда мазкур тузилманинг ҳудудий ўсимликлар карантини давлат инспекциялари фаолият олиб бормоқда. 

Навоий вилоят инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида карантин объектлари – девпечак, зарпечак, комсток қурти, картошка куяси, Каларадо қўнғизи ва бошқа шу каби зараркунандалар тарқалган майдонлар бўйича ўрганишлар олиб борилиб, яқинда воҳамизнинг фитосанитар ҳолатини ўзида акс этган электрон харита яратили. Мазкур харитага кўра, бугунгуи кунда вилоятда зарпечак қоплаган 15,51 гектар, “судралуувчи какра” билан зарарланган 15,97 гектар, девпечак ўсувчи 1,24 майдон ҳамда комсток қурти мавжуд 6,11 гектар, Колорадо қўнғизи зарар етказаётган 4,12 гектар ҳамда цитрус инли куяси қоплаган 1,83 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, айнан мана шу ҳудудларда зараркунандаларга қарши курашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 

Бундан ташқари, карантин остидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақланадиган омборхоналарда ҳам мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Шу ўринда, зараркунанда ўсимлик ҳамда ҳашаротларни йўқ қилишда ўзбошимча йўл тутиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. Йил бошидан бугунгача 21 та ана шундай ҳолатда фуқаролар ҳамда турли корхоналар жаримага тортилиб, 149 та тақдимномалар киритилди. 

Айни пайтда давлат ва нодавлат корхоналари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, мазкур идораларда айнан ўсимликлар карантини борасида масъул ходимлар бириктирилмоқда. 

Қайд этиш керак, яқинда Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар ҳимояси ва карантини ташкилоти томонидан Ўзбекистон учун вебинар ўтказилиб, унда ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўсимликлар карантини борасидаги давлат сиёсати муҳокама қилинди. Ушбу тадбирда республикамиз ўсимликлар карантини соҳасида фаолият олиб бораётган раҳбарлар, бош агроном, ички карантин бўйича етакчи агроном ва бошқалар иштирок этди. 

Семинар жараёнида мутахасислар томонидан ўсимликлар карантинидаги касалликлар, зараркунанда организмлар ва бегона ўтларининг кириб келишини олдини олиш, мавжудларининг тарқалишини чек қўйиш шунингдек соҳага оид стандартлар, халқаро намунадаги фитосанитар хужжатлар ҳақидаги қимматли маълумотлар тақдим этилди. Дала назорати тадбирларини уч босқичли тизимда ташкил этиш, фитосанитар тоза маҳсулот етиштиришнинг мухим омили эканлиги инспекция ходимларида бу тажрибага нисбатан катта қизиқиш уйғотди.

Бу каби тадбирларни ташкил этишнинг туб моҳияти республикамиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дунё бозорига тўсиқларсиз кириб боришини таминлаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан иборат. 

Муталлиб УБАЙДУЛЛАЕВ, Охунжон ОБЛОҚУЛОВ, Навоий вилоят Ўсимликлар Карантини давлат инспекцияси инспекторлари.