Bosh sahifa E'tirof Воҳамиз тиббиётида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади

Воҳамиз тиббиётида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади

0
foto:nvkttm.uz

Юртимизда тиббиёт соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида кадрлар малакасини ошириш, чекка ҳудудлардаги шифохоналарни илмий салоҳиятга эга ходимлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, айни шу мақсадда ўтган йили пойтахтимиздаги етакчи тиббиёт клиникалари ва илмий марказлар мутахассислари  вилоятлардаги даволаш-профилактика муассасаларида раҳбарлик лавозимларига тайинланган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қизилқум воҳасига юборилган 11 нафар врач қаторида мен ҳам Навоий шаҳридаги кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолият юритяпман.

Муассасамизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада яхшилаш учун ўтган йили “JICA” Халқаро ҳамкорлик ташкилотининг беғараз грант маблағлари ҳисобидан қиймати 5,61 миллион АҚШ долларига тенг 92 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар, диагностика ускуналари келтирилди. Шунингдек, марказ Япония Ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмаги билан 1,6 миллион доллар миқдоридаги 1,5 Тесла қувватига эга магнит-резонансли томограф (МРТ), “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард сўмлик замонавий ташхислаш асбоблари билан жиҳозлантирилди.

Бундан ташқари, келажакда шифокорларимизнинг малакасини нуфузли чет эл клиникаларида ошириш, баъзиларини эса, муассасамизда ташкил этилиши режалаштираётган янги бўлимларда меҳнат қилиши учун қайта тайёрлашга эътибор қаратилмоқда. Бунда ўрта тиббиёт ходимлари ҳам назардан четда қолмайди. Шу мақсадда, кардиожарроҳлик бўлимини очишга доир мурожаатимизга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ижобий жавоб олинди. Жорий йилнинг 2-3 чоракларида бўлимга зарур қўшимча сунъий қон айланиш ва оксигенатор ускуналари ажратилади. Юзага келган эҳтиёж боис, 6 нафар врач ва 4 нафар ҳамшира Республика ихтисослаштирилган хирургия марказига кардиожарроҳлик, кардиоанестезиология, перфузиология ва интервенцион кардиология соҳалари бўйича ўқишга юборилди. Айни пайтда улардан 6 нафари ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб келишди. 2017 йил сентябрь ойигача бизда 59 нафар малакали мутахассис фаолият  юритган бўлса, ҳозиргача яна 8 нафар шифокор ишга қабул қилинди. Улар вилоят аҳолисига ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ўтган давр мобайнида республикадан келган мутахассислар билан биргаликда вилоятда олдин амалга оширилмаган бир қатор юқори технологияли ташхислаш ва жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Жумладан, коронар қон-томирлар диагностик ангиографияси, бош мия ўсмасини олиш, чаноқ-сон бўғимига эндопротез қўйиш, қорин бўшлиғи деворининг чурраларини бартараф этиш, кўрув органларининг олд ва орқа қисмларида лазер жарроҳлиги каби юздан зиёд ноёб операциялар ўтказилди.

Таассуфки, ички стерилизация дорихонаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли, беморлар учун сотиб олинаётган шундай суюқликлар жуда қимматга тушяпти. Ушбу муаммони ҳал этиш учун вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган манзилли дастурга асосан ажратилган маблағлар эвазига марказда стерилизация дорихонаси ташкил этиляпти. Натижада 31 турдаги суюқ дори воситалари ишлаб чиқарилиб, аҳоли саломатлигини сақлашда сарфланадиган пуллар тежалади.

Ўтган қисқа вақт мобайнида Россия Федерациясининг Москва ва Новосибирск шаҳарларидан ташриф буюрган кардиохирург ва интервенцион кардиолог мутахассисларнинг “Маҳорат дарслари” ташкил этилди. Келгусида ўзимизда ҳам буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти, яъни трансплантологияни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Ўйлаймизки, эзгу ниятларимизни рўёбга чиқарсак, халқимизга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ошиб, касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ҳамда даволашга эришамиз.

М. АҲМЕДОВ, марказ бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди.