Bosh sahifa Jamiyat ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ…

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ…

0

Қизилқум чўлларини азалдан “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” маконга қиёслашади. Ёзнинг жарима иссиқларида товони куйса ҳам, қишнинг қаҳратон совуқларида борлиқ музласа ҳам, аёвсиз бўрон шамоллари қум барханларини кўчириб, кўзларни очиришга қўймаганида ҳам, ҳудуддаги матонатли кишилар бу бепоён кенгликларни тарк этмайди, ташлаб кетмайди. Чунки Ватан меҳри, Ватанга садоқат туйғулари Учқудуқ туманида яшаётган ҳар бир инсонга ота мерос.
Габриелян Роскир Абрамович ҳам Учқудуқнинг ҳар қарич ерини кўзига тўтиё билади. У ота-онаси билан Учқудуққа кўчиб келганида ҳали ёш бола эди. Шу ерда улғайди, ўқиди, оила қурди.
Аввалига этикдўзлик билан шуғулланган Роскир Габриелян меҳнатдан қочмади, ҳунарни ор билмади. Қатор йиллар учқудуқликларга ҳалол хизмат қилди. Ўз меҳнати ортидан обрў-эътибор топди, элнинг ҳурматини қозонди.
У мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имкониятлар берилган дастлабки йилларданоқ, “Ануш” хусусий корхонасига асос солди. Мана 25 йилдирки корхонага тегишли “Ануш” кафесида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.
Хўш, нима бўпти умумий овқатланиш шохобчалари кафе ресторанлар ҳар қадамда учрайди дейишингиз мумкин. Ундан дейишга шошилманг! Бу ерга учқудуқликлар, меҳмонлар шунчаки овқатлангани эмас унинг атрофида барпо қилинган жаннат боғини кўргани келишади, десам янаям тўғри бўлади.
Бошқа жойларда ерга нечта ниҳол қадасангиз бехато униб-ўсади. Қизилқумда эса ўнтадан биттаси унса ҳам катта гап. Минтақа иқлими аёвсиз бўлган бу ерларни қадоқ қўллари, пешона тери эвазига жаннатга айлантираётган Роскир Габриелянни суҳбатга чорладик.
-Қушларга емиш бера туриб, бир сиқимини шунчаки ташқарига сепиб юбордим. Орадан 4-5 кун вақт ўтиб қарасам, ҳар жой ҳар жойда майсалар икки қулоқ бўлиб униб чиқибди. Наҳотки бизни минтақада ҳам уруғ қадаб майса ундириш мумкин, дея ҳайрон қолдим – дейди биз билан суҳбатда Р.Габриелян.
“Шу икки қулоқ майса менга тинчлик бермай қўйди”, мийиғида кулганча ҳикоясини давом эттиради қаҳрамонимиз. Эрта баҳор эмас-ми, ошхона ёнида бўш турган ерга аввалига турли кўкатлар, пиёз, саримсоқпиёз кейинчалик булғор қалампири, бойимжон экдим. Турли ниҳоллар ўтқазиб, турфа гулларни парваришладим. Ўзимиз етиштирган маҳсулотлардан ошхонада таом ҳозирланади. Қишда ҳам кўкату саримсоқпиёзларни усти клёнкада ёпилади. Музламайди, бемалол овқатга ишлатилади.
Уч йил олдин бошланган “икки қулоқ майса” ерга берилган меҳр тўкилган пешона тер туфайли бугун мўъжаз боғ-роғга айланган. Ҳудуд тангадай офтоб тушмайдиган яшилликка бурканган.
“Яхшидан боғ қолади…” деганларидек, Роскир Габриелянни томарқасида 100 та олма, 35 туп беҳи, шафтоли, анор каби ўнлаб мевали дарахтлар энди ҳосилга кирган. Қулупнайдан йил ўн икки ой ҳосил олинаркан. Кўкатларнинг эса биз билган билмаган навлари, ҳар хил гуллар баравж ривожланмоқда. Манзарали кўчатлар, иқлимга мос кўп сув талаб қилмайдиган тут, моржавика сингари дарахтлар ҳам бор.

IMG_20200926_175955_940Бу яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида, ҳаво мусаффолигини таъминлайди. Эндигина ҳосилга кирган мевали дарахтлар эса ошхонага ташриф буюрган меҳмонлар дастурхонини безайди.
…Нақл қилишларича, юз ёшдан ошган чол баҳор пайти мевали дарахт ниҳолини ўтказаётганда бир йўловчи шундай дебди:
-Эй бобо, ёшингиз ҳам анчага бориб қолибди, мевасини ейиш сизга насиб қиладими, йўқми, нега ўзингизни бунча қийнайсиз?
-Эй ўғлим, мен мевасини емасам ҳам ўткинчи йўловчилар, қолган фарзандлару набираларимиз ейишади ёки соясида дам олишади-ку, — дея жавоб берибди чол.
Орадан беш йил ўтибди. Чолнинг умри узоқ экан. Айни пишиқчилик пайти чол ўзи эккан ўрикнинг соясида дам олиб, мевасидан еб ўтирибди. Ҳаво иссиқлигидан ўша йўловчи ўтаркан, чолнинг ёнига дам олишга ўтирибди. Чол ҳил-ҳил пишган ўрикни унинг олдига қўйибди. Хатосини тушунган йўловчи чолга миннатдорчилик билдириб, сап-сариқ ўрикдан тўйгунча ебди…
Ушбу нақлда келтирилган юз ёшдан ошган бобо сингари Роскир Габриелянни ҳам умри узоқ бўлади! Ахир у эккан дарахтлар соясида тин олган, пишиб етилган беҳию олмаларидан татиб кўрган йўловчилар қанча.

Дарвоқе, юқорида келтирилган ибратли сўзнинг: “…ёмондан доғ қолади” ибораси давоми бор. Зеро, Габриелян Роскир Абрамович ўзидан барқ уриб, яшнаб турган боғ қолдирмоқда!
Райҳон ҚОДИРОВА.