Bosh sahifa Jamiyat Янгиғазғон ва Саржалда яшовчи аҳолини нима қийнамоқда?

Янгиғазғон ва Саржалда яшовчи аҳолини нима қийнамоқда?

0

Навоий шаҳридан 150 километр, Конимех туман марказидан 110 километр узоқликда жойлашган бу манзил чорвадорлар учун она замин-у, ота макондир. Бу овулларда аҳоли чорвачилик ортидан кун кечиради. Бироз ноқулай турмуш шароитини ҳисобга олмасангиз, чўлдаги жим-житлик ва бийдай саҳро табиатнинг чорвадорларга берган катта инъомидир. Боиси ҳудуд аҳолисининг даромад манбаи чўлда ястанган яйловлар ҳисобланади. Бугун бу ҳудудларда 1070 та хонадонда аҳоли яшаб, меҳнати ортидан халкимиз дастурхонини озиқ-овқат, аниқроғи гўшт маҳсулотлари билан таъминлайди.

Вилоят хокими мазкур икки манзилда одамлар ҳаёти ва муаммосига ечим топиш учун овулда сайёр  қабулни ташкил этди. Анъанага кўра, Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси мобил автобуси ҳамда Конимех тумани давлат хизматлари маркази ходимлари ҳамда туман адлия бўлими 30 июль куни Янгиғазғон ва Саржалда аҳолига давлат хизматларини кўрсатдилар. Одамлар мурожаатини эшитиб, шунга амин бўласизки,  инсон учун қанча имконият ва тўкис турмуш яратилса, шунча дарду ҳасратини тўкиб соларкан.  Чўлда кун кўраётган одамларнинг эса муаммоси бошқа. Уларга ичимлик суви ва табиий газ бўлса бас. Ҳатто, ишсиз ёки кам таъминланган оилани учратмайсиз. Ҳамманинг бир юмуши ва бир даромади бор.

Мобил автобус чўлда хонадонма-хонадон кезиб, икки ҳудудда халқнинг давлат хизматига бўлган талаби доирасида 61 та мурожаат аниқланди ва аҳолига жойида сайёр хизмат кўрсатилди. Шунингдек,  марказ ходимлари ва адлия вакиллари ҳамкорлигидаги тарғибот тадбирлари чўлда чорвачиликка ихтисослашган оилавий корхоналарни ташкил этиш, туячилик ва паррандачилик, яъни туяқуши боқиш бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш, энг асосийси ҳудудлардан туриб давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланиш юзасидан одамларга ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Фарход БЎРИЕВ, Конимех тумани ДХМ директори.