Bosh sahifa Mualliflardan Янги форматдаги тарғибот

Янги форматдаги тарғибот

0

 Солиқ қонунчилигидаги эскирган ва ўзини оқламаётган қоидалар мана икки йилдирки, муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан қайта кўриб чиқилиб, солиқлар юки камайтирилиб, турлари қисқартирилди. Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ, ишни тубдан ўзгартириб, анъанавий, қотиб қолган ёндашувлардан воз кечиб, халқаро мезонларга мос равишда очиқ иқтисодий сиёсатга ўтилмоқда. Ўхшаш солиқ турларини оптималлаштириш, Солиқ кодексининг устуворлигини таъминлаш, қонунчиликда тенглик ва адолат принципларига риоя этиш асосий шартлар сифатида эътироф этилган.

Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан жойларда тегишли ташкилий ва тушунтириш ишлари кенг миқёсда олиб борилиши натижасида вилоятда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони қисқа муддатда деярли 5 баробарга ошган ва 1142 тани ташкил этади. Тадбиркорларнинг баъзилари янги солиқ тизими бўйича етарли билимга эга эмаслиги оқибатида нархларнинг асоссиз равишда кўтарилиши ҳоллари учраши эҳтимолининг олдини олиш мақсадида, эндиликда бу солиқ тўловчилар билан умумий ва якка тартибда иш олиб бориш, уларнинг билим ҳамда малакаларини ошириб боришига кўмаклашиш лозим бўлади. Шу мақсадда бошқарма йирик солиқ тўловчилар, импортёрлар ва улгуржи савдо ташкилотлари, бизнес вакиллари, кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбатлари, очиқ мулоқот, семинар-тренинглар, тарғибот-тушунтириш ишлари, ижтимоий роликлар намойишини тизимли ўтказиб келмоқда. Ўтган ҳафта охирида бошқарма Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда янги форматдаги тадбир ташкил этди. “Файзулло” хусусий корхонасига тегишли тантаналар залида “бизнес-ланч” кўринишидаги давра суҳбатида бир пиёла чой устида қизғин муҳокама, савол-жавобларга бой, мазмунли учрашувда аёлларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бошқарма бошлиғи А.Бозоров томонидан байрам совғалари улашилди.

— Бундай тадбирларни кўпайтириш лозим, солиқ тизимидаги ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор бўлиб, фаолиятимизни мувофиқлаштириб борамиз, — дейди матбуот тарқатиш билан шуғулланувчи тадбиркор Ғ.Бобоназаров. — Бугун мен электрон ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш ва тақдим этиш юзасидан керакли тавсиялар олдим. Ислоҳотлар сабаб мулк ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилиниши, эркин бизнес юритиш имконияти ошмоқда. Маъмурий аралашувлар чекланяпти.

Ж.УМИРЗОҚОВ, ДСБ ходими.