Bosh sahifa Yangiliklar ЯНГИ ЙИЛДАН ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

ЯНГИ ЙИЛДАН ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

0

Кириб келаётган 2020 йил 1 январдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланишга ўтади. Бунинг самарасида тадбиркорнинг ҳисоб-китоби аниқ бўлиб, истеъмолчининг ҳуқуқлари тўлақонли бажарилишига эришилади. Эндиликда, кирим қилинган маблағ – хоҳ пластик карта орқали бўлсин, хоҳ нақд пулда харид қилинган маҳсулот учун мижозга харид чеки тақдим этилади.

Кейинги йилларда солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият ортидан ҳалол даромад орттиришига қаратилгани эътиборга молик. Чиндан ҳам иқтисодиётда қулай шароит ва имкониятларнинг яратилиши барқарор ривожланишнинг муҳим омили саналиб, ўз навбатида ишбилармонлик муҳитидаги янгиланиш ва енгилликлар тадбиркорлар учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам бирдек афзалликлар яратади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳисоб-китоблар тизимига ахборот технологияларини жорий этишда муҳим асос бўлмоқда.

Хусусан, мазкур фармон асосида 2020 йил 1 январдан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига онлайн назорат касса машиналарини босқичма босқич татбиқ этиш белгиланган.

Бугунги кунда Навоий вилоятида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, бензин, дизель ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи 223 нафар тадбиркорлик субъектлари билан онлайн назорат касса машиналаридан фойдаланиши учун шартномалар тузилган. 

Фармонга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади. Эндиликда тадбиркорлар кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъий назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга.

Энг муҳими, 2021 йил 1 январга қадар онлайн-назорат касса машинасини давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар, уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг
10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилди.

Тадбиркорлар томонидан тақдим қилинадиган харид чекида товарлар ёки ишлар, хизматлар номи, миқдори ва қиймати қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда мазкур солиқ ставкаси ва суммаси, шунингдек QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар мавжуд бўлмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди. Энг муҳими, тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга касса чеки ҳам берилиши шарт. 

Миллий дастурий таъминот билан жиҳозланган қурилма универсаллиги, солиқ органи билан тўғридан тўғри алоқа тизимининг йўлга қўйилгани, яъни ҳар бир кирим қилинган нақд ёки нақдсиз кўринишдаги маблағ солиқ базасида акс этиши билан қулайдир.

Шунингдек, 2020 йил 1 августдан ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари, 2021 йил 1 январдан эса ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари, хуллас, 2022 йил 1 январдан олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан ташқари барча тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машинасидан фойдаланишга ўтиши белгиланган.

Президентимизнинг юқоридаги фармонига асосан тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга 2020 йилнинг 1 январидан босқичма-босқич ўтиши белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжат билан тасдиқланган муддатлар тугагандан кейин онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланмасдан фаолият кўрсатган тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Мухтасар айтганда, бозорда соғлом рақобатни шакллантириш, қонуний асосда фаолият юритиш, энг муҳими, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек вазифани тадбиркор фаолиятининг асоси бўлиши зарур. Масалан, савдо фаолияти билан шуғулланаётган икки тадбиркорнинг бири онлайн назорат касса машинасидан фойдаланиб, ҳар бир тушумни кирим қилган ҳолда харидорга чек тақдим этсаю, иккинчи тадбиркор атайин истеъмолчининг ҳуқуқини бузиб, нақд пулга амалга оширилган савдодан тушган тушумни ўз ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, реализация қилинган товар учун харид чекини бермаса ўз-ўзидан бозордаги тартиб издан чиқади. Инсофли, қонунга итоаткор тадбиркор фаолиятига ҳам бундай адолатсизлик, тенглик тамойилининг бузилиши салбий таъсир кўрсатмай қолмайди

Навоий вилоят ДСБ матбуот хизмати