Bosh sahifa Jamiyat ЯНГИ ҚЎШМА КОРХОНА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

ЯНГИ ҚЎШМА КОРХОНА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

0

Мана 2020 йилнинг биринчи иш куни ҳам бошланди. Сармояси бор тадбиркор тинмайди. Навоий шаҳар Давлат хизматлари марказига яна хорижлик инвесторлар  ташрифи кузатилди. Навоий вилоятида биринчи бор пахта тўқимачилик кластерини ташкил этиш учун ишбилармонлар ўзбек тадбиркорлари билан кўпчиликка таниш лойиҳада бизнесга қўл урдилар. Бизнесни рўйхатга олиш учун қўшма корхона вакиллари Навоий шаҳар Давлат хизматлари марказида бўлдилар. Хорижий ҳамкорларга экстерриториал хизмат кўрсатилди. Чет эллик инвесторлар Кармана туманида пахта тўқимачилик кластерини бунёд этиш ниятида. Олинган маълумотларга кўра, эронлик ишбилармонлар тумандаги 18 минг гектар ерга гўза уруғини қадаб, оқ-олтин ҳосили кўтаришни, тўқимачилик фабрикаларида эса ҳосилни ип ҳолига келтириб, тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига чиқариш мақсадини кўзлаганлар.

 Пахта-тўқимачилик кластерлари мамлакатимиз ривожланишининг устувор йўналишларидан биридир. Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигида чуқур қайта ишлашни ва саноатни ривожлантирмасдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмаслигини доимо таъкидлайдилар. Чет эллик ҳамкорларнинг айтишича,   пахтамиз ранги, толасининг узунлиги, пишиқлиги, кўрсаткичлари билан халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Бу унинг жаҳон тола бозорида харидоргирлигини таминлайдиган энг муҳим жиҳатларидан. Қолаверса, пахта ўсимлигидан олинадиган яна юзлаб маҳсулотлар ҳам борки, буларнинг барчаси иқтисодий самарани бир неча баробарга оширади. Энг муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

 Аслида “Кластер” атамаси  французча сўз бўлиб, ўзбекча таржимаси “боғлам”, “гуруҳ”, “тўпланиш”  маъноларини беради. Худди шундай пахта етиштириш ва тўқимачилик соҳасида илмий, назарий ва амалий ишларнинг билимдонлари бўлган эронлик олимлар ва тадбиркорлар “CEDRUS KARMANA AGRO CLUSTER COMPANY” маъсулияти чекланган қўшма корхонасини ташкил этдилар.Хорижлик ҳамкорларга марказ ходимлари “яшил йўлак” тамойили асосида сифатли давлат хизмати кўрсатдилар. Ота бола Пилехваран Ҳамид Реза ва Амир Муҳаммадлар юртимизда чет эллик тадбиркорларга қўрсатилаётган  эҳтиром ва имкониятни эътироф этдилар. Айниқса, Давлат хизматлари марказида ишбилармонларга кўрсатилган сифатли хизматдан ҳамкорлар мамнун.

Анвар САФАРОВ, Навоий шаҳар ДХМ директори.