Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган 4 босқичли республика танловнинг шаҳар-туман босқичлари Навоий вилоятида қизғин давом этмоқда.
Навоий шаҳар йул ҳаракати хавфсизлиги бўлими хамда Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги 16-Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида мусобақанинг шаҳар босқичи ўтказилди. Савол-жавоб, “Яшил чироқ” ташвиқот гуруҳларининг чиқишлари каби турли мусобақалар шаклида ўтказилган беллашувлар қизиқарли кечди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра 3-ўринни 8-умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин эса мезбон мактаб вакилларига насиб этди. 1-Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг “Зелёный огонёк” жамоаси 1-ўринга эришди.
— Баъзан катталар светофорнинг қизил чироғига аҳамият бермай йўлдан кесиб ўтаётганлигини, ёшлар эса қоидаларга риоя қилаётганлликларини кўриб қоламиз, — дейди Навоий шаҳар ЙҲХБ масъул ходими А.Шарипов. – Бу таълим муассасаларида тарғибот ишларининг самарали олиб борилаётганидан дарак беради. Хусусан, “Яшил чироқ” мусобақасининг бунда аҳамияти катта бўлмоқда.
Апрель ойи якунига қадар барча ҳудудларда мусобақа якунига етади. Шаҳар-туманлардан биринчи ўринга эришган жамоалар эса май ойида ўтказиладиган вилоят босқичида қатнашади.