Bosh sahifa Jamiyat Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши раиси Жамшид Ходжаев эътиборига

Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши раиси Жамшид Ходжаев эътиборига

0

“ЗАВОДГА ИШЧА КИРМОҚЧИМАН. МЕНДАН
 УЧ МИИНГ ДОЛЛАР СЎРАШЯПТИ”
Яқинда бир масъул раҳбарнинг “ўтган йили бунча янги иш ўринлари яратилди, йил давомида фалонча иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, пистонча одамлар иш билан таъминланди”, деган мазмундаги ҳисоботига кўзим тушди. Мазкур гапларни эшитиб туриб, “эй, окахон, сиз айтган ярмарка йил бўйи эмас, даврлар оша давом этаяпти-ку!”, дегинг келади.
Ҳа, аччиқ ҳақиқат бўлсада айтиш керак – бизда бўш иш ўрни пулга сотилади. Бирор ойлиги тузукрок корхонада бўш иш ўрнининг ўзи бўлмаса-да ишга киришга навбатда турганлар бўлади – бу табиий.
Коллежни битириб, ўтган йили сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизмат ҳам ўтаб келдим. Анча вақт иш тополмадим. Сўнгра қўриқлаш бўлимига ишга қабул қилишаётганлигини эшитиб, ҳужжат топширдим. Жисмоний тайёргарлик имтиҳонларидан аъло натижа билан ўтдим. Оғзаки суҳбатда ҳам барча саволларга жавоб бердим. Бироқ, мени ишга қабул қилишмади. Кейинчалик билсам, пора берганларгина ишга олинган экан. Улар орасида ҳатто имтиҳонларга бормаганлар ҳам борлиги менга жуда алам қилди. Яқинда эса бошқа бир заводга ишга олишаётганлигини эшитиб, шу ерга бордим. Ишга киришим учун мендан уч минг доллар сўрашяпти. Ишга киришдаги бу ноҳақликлар қачонгача давом этади? Ваҳоланки, мен билан бирга ишга киришга ҳаракат қилилиб, ноҳақликни кўргач, ҳақиқатга қўл силтаб кетган ёшлар юзлаб эди…
Қайд этиш лозим, бугунги кунда вилоятимизнинг 16 минг нафарга яқин ёшлари ишсиз. Пул топиш мақсадида чет элларга чиқиб кетган ёш авлод вакиллари сони ҳам оз эмас.
Таассуфки, айни пайтда “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ўтказиляпти,  Ёшлар иттифоқи фаолият олиб бормоқда, қолаверса маҳаллалар Кенгашларининг ёшлар бўйича ўринбосарлари мавжуд – қаерга қарасангиз ёшлар, ёшлар, ёшлар… Бироқ, ҳақиқиқий ҳолат шуки, маҳаллаларда ишсиз ёшлар кўп. Уларни ишга қабул қилишнинг аҳволи эса ҳаминқадар.
Шундан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни бермоқчиман:
1)  Айтайлик, энг камида 5 нафар ёшни имтиҳон ёки қандайдир синовлар асосида ишга қабул қилаётган ташкилот Ёшлар Иттифоқига мажбурий тарзда хабар бериши, ишга қабул қилишда белгиланган синовлар аниқ мезонлар асосида белгиланиши ва бу Ёшлар Иттифоқининг вакили иштирокида ўтказилиши тарафдориман.
2)  Айнан ёшларга аталган бўш иш ўринларининг электрон базасини шакллантириш  ва уни доимий янгилаб бориш керак. Ёшлар бўш иш ўринлари ҳақида одамлар оғзидан эмас, аниқ манбадан билиб олсин.
3)   Ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги ва шу каби – “форма” кийиладиган соҳаларга асосан, деярли менимча,  90 фоиз ёшлар – йигитлар қабул қилинади. Мана шу жараёнларда шаффофлик етишмагани учун коррупция ҳолатлари юзага келмоқда. Мана шу тизимлардаги ишга қабул қилиниш жараёнларига чуқур эътибор қаратилиши лозим.
Бир сўз билан айтганда, ёшларни баландпарвоз гаплар билан алдашдан кўра, уларни аниқ ва асосли саъй-ҳаракатлар билан руҳлантириш керак. Ана шунда  биз жойларда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг самараларига гувоҳ бўламиз.
Ж.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Навбаҳор тумани