Bosh sahifa Mualliflardan Ёшларга яна бир қулайлик

Ёшларга яна бир қулайлик

0

Навоий вилояти бошқармаси Зарафшон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан ҳозирги        кунда никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш хизмати кўрсатилиб келинмоқда.

Ушбу хизмат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги      134-сонли қарори билан кўрсатилади. 

Жисмоний шахсларга шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари, никоҳ уйлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш архивлари ҳамда шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларида қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари ҳақидаги маълумотномаларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилади.

 Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатилади.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади.

 Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан сўровномани электрон шаклда тўлдиради.

Сўровномага: паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхаси, ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда — ишончнома нусхаси, ариза берувчининг марҳумга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлари, ариза берувчи васиятномага асосан меросхўр бўлганда — васиятнома ва марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома нусхалари, ариза берувчи қонуний вакил бўлса — уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади.

Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатлар нусхалари Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олиниши лозим.

Сўровномага зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва киритгандан сўнг аризачи уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди. 

 Давлат хизмати кўрсатилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. 

Давлати хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Йиғим Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади.

Сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши, сўровномага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг тақдим этилмаганлиги, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчининг ЭРИси билан тасдиқлангандан сўнг, барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида тегишли ФҲДЁ органига электрон шаклда юборилади.

ФҲДЁ органи сўровнома тушган вақтдан бошлаб 1 иш соати мобайнида QR-код  қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда тегишли Давлат хизматлари марказига юборади.

Сўровномада сўралаётган маълумотлар ФҲДЁ органида мавжуд бўлмаганда ФҲДЁ органи сўровномани тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш архивларига юборади ва бу ҳақда Давлат хизматлари марказларини электрон тарзда хабардор қилади. Бунда Давлат хизматлари маркази ариза берувчига ахборот-коммуникация тизими орқали хабар беради.

Ҳудудий фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш архивлари сўровнома тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида сўралаётган маълумотларни тегишли ФҲДЁ органларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаб, QR-код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда тегишли Давлат хизматлари марказига юборади.

Д.РАМАЗОНОВ, Зарафшон шаҳар Давлат хизматлари маркази мутахассиси.