Bosh sahifa Jamiyat Ёзги таътилда 550 нафар навоийлик болажонлар оромгоҳларда бепул соғломлаштирилади

Ёзги таътилда 550 нафар навоийлик болажонлар оромгоҳларда бепул соғломлаштирилади

0

Жорий йилда Навоий вилоятидаги 12 та стасионар ва 5 та кундузги оромгоҳда 14 минг 202 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Бу вилоятдаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 7-14 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг 12 фоизини ташкил этмоқда.

Оромгоҳларда 640 нафар педагог, 46 нафар тиббиёт ва 44 нафар ички ишлар идоралари ходимлари, шунингдек, 32 нафар спорт ва сузиш бўйича йўриқчи, кутубхоначи, мусиқа раҳбарлари ҳамда техник мутахассислар жалб этилган.

Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 20 та кундузги оромгоҳ фаолияти тугатилганлиги сабабли шаҳардан ташқари барча дам олиш масканларида ёзги соғломлаштириш мавсумини 5-6 навбатда олиб бориш зарурати мавжуд.

Бу йилги мавсумда “Нимкон”, “Дўстлик” ва “Ишонч” оромгоҳларида маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 50 нафар фарзандини вилоят маҳаллалар кенгашнинг шунингдек, Томди, Учқудуқ, Конимех ва Нурота туманларининг олис чўл ҳудудларидаги 500 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларини эса Навоий кон-металлургия комбинатининг маблағлари ҳисобига корхона тасарруфидаги “Зарафшон” болалар оромгоҳида бепул соғломлаштириш режалаштирилган.

— Давлатимиз раҳбарининг бешта муҳим ташаббусчи ижроси юзасидан ўқувчи ёшларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш мақсадида вилоятимиз мактабларида “Соғломлаштириш майдончалари”, яъни тўгараклар ташкил этилмоқда, — дейди Кармана туман Халқ таълими бўлими маънавий-маърифий ишлар бўйича шўба раҳбари Бегали Ҳамроев. — Хусусан, туманимиздаги 32 та таълим муассасасида ҳам июнь ойидан тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 7 минг нафарга яқин ўқувчи қамраб олиши режалаштирилган. Бугунги кунда бу борада амалий ишлар олиб борилаяпти.

Бир сўз билан айтганда, ёзги таътил даврида ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтади. Бунинг учун барча чора-тадбирлар белгилаб олинган.