Bosh sahifa Jamiyat ЮКСАК ЭЪЗОЗГА МУНОСИБ ҚАҲРАМОНЛИК…

ЮКСАК ЭЪЗОЗГА МУНОСИБ ҚАҲРАМОНЛИК…

0

Инсон – азиз. Унинг хотираси – муқаддас. Ҳар йили 9 май – “Хотира ва қадрлаш” байрами арафасида бу қадриятлар яна бир карра бўй кўрсатиб, дилларни, қалбларни бир-бирига боғларкан, тинчлик неъмати мустаҳкамланиб бораверади.
Мана шу қутлуғ сана – эришилган Буюк ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан, авваламбор, сафимизда соғ-омон яшаб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини, фронт ортида заҳмат чеккан фахрийларимизни қизғин муборакбод этаман.
Дарҳақиқат, Фашизм инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдирди. Бу мудҳиш воқеа инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлгани ҳеч қачон унутилмайди.
Миллионлаб инсонлар қурбон бўлган, ўнлаб ўлкаларга вайронагарчиликлар келтирган фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбекистонликларнинг, жумладан, Навоий вилоти ҳудудидан урушга қатнашганларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Ўзбек ўғлонлари рус, украин, беларусь, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз, озарбайжон, арман, гуржи каби қардош элатлар сингари Москвадан Берлингача, Сталинграддан Германиянинг юрагигача жанговар, одимма-одим, қон тўкиб, қон кечиб бордилар.
Бешафқат урушда салкам 1,5 миллион нафар ўзбекистонликлар иштирок этган. Ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жангу жадалларда иштирок этди. Бугунги Навоий вилояти ҳудудидан эса қарийб 25 минг нафар аскар жалб этилган. Улардан 4446 нафари беаёв жангларда ҳалок бўлди, 2251 нафари бедарак йўқолди. 145 нафари асир тушган бўлса, 189 нафари ногирон бўлиб юртга қайтди.
Инсоният бу йўқотишларни ҳамон унутолган эмас ва унутишга ҳаққи ҳам йўқ. Айниқса, мана шундай кунларда нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиз фахри, чин маънодаги мард ва жасур ўғлонлар сифатида қалбимиз ва онгу шууримизга муҳрланган вилоятдошларимиздан уч нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари: Қўчқор Қаршиев, Узиер Абдурахманов ҳамда Василий Гусевларни ёд этиш биз учун ўта муҳим.
Яратганнинг марҳамати билан жанг майдонларида қон кечган 27 нафар вилоятдошимиз бугунги тинчлик-омонлик кунларида бизнинг дуогўйимиз бўлиб юрибди.
Уларни шонли сана билан самимий қутлаган ҳолда умрлари узоқ бўлишини Яратгандан сўраб қоламан!
Албатта, юртдошларимиз нафақат жанг майдонларида, балки фронт ортида ҳам қаҳрамонликлар кўрсатди, ўз жасоратларини, матонатларини бутун дунёга намоён этди. Халқимиз уруш олови етиб келган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган оилалар ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўргани ҳозир ҳам ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Мана шуларни инобатга оладиган бўлсак, эришилган буюк Ғалабада халқимиз ҳам улкан ҳисса қўшгани яққол аён бўлади. Бу ҳақиқат ҳеч қачон унутилмайди.
Ушбу сана муносабати билан шунингдек, вилоятимизда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган инсонлар қаторида, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳам хотирасини ёдга олиш биз учун ҳам фарз ҳам қарз.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барча уруш қатнашчилари, муҳтарам фахрийларимизни, вилоятимиз аҳлини бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!
Шохруҳ ШАРОПОВ,
Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати.
(08.05.2020).