Bosh sahifa Mualliflardan ЗАМОН ЖОЙИДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРАЯПТИ( МИ )…

ЗАМОН ЖОЙИДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРАЯПТИ( МИ )…

0

 Уйга  қайтар  эканман,  баъзи  ишларимнинг  тадоригини  қилиб  қўйдим. Машинадан  тушдиму  кенг  кўча  бўйлаб  отландим. Ногоҳ  кўзим  оқ  рўмол  боғлаган,  дўппи  кийган  ҳамқишлоқларимга  тушди. Демак,  аза.  Қадамимни  тезлатиб  таъзияхона  томон  шошиларканман,  хаёлимда  минг  хил  ўйлар  қалашиб  кетарди.  Анчадан  буён  қаровсиз  ётган  бу  ҳовлининг  эгалари  шаҳарда  яшашар  эди. Таъзиядан  чиққанимдан  сўнг  хонадон  бекаси  оламдан  ўтганлигини  билдим.   Қолганини  эса  уйдан  эшитдим: аёл  ўз  жонига  қасд  қилибди!  Ўйлаб  қўйган  режаларим  ёдимдан  кўтарилганини  шунда  сездим.

 

        Ҳар  тонг  ишга  жўнар  эканман,  мактаб  сари  шаҳдам  қадамлар  билан  қийқирганича  кетётган  болаларни,  уларнинг  кўзларидаги  ҳаётга  бўлган  қизиққонликни,  самимиятини  кўриб  шу  болалардек  ўйнаб-кулгим,  болаликка  бир  зум  бўлса-да  қайтгим  келади. Болалик  инсоннинг энг  бахтли  лаҳзалар  муҳрланган  хотира  дафтари  менимча.  Улғайганинг  сайин  “хотира  дафтари”нинг  варақлари  юлиниб  кетадигандек.  Аслини  олганда  биз  унинг  лаҳзаларини  унутиб  борамиз. Қарабсизки,  ўта  “жиддий”  одамга  айланамиз-қоламиз. Худди  бундан  буёғига  хато  қилмаймиз  ё  қилишга  ҳақимиз  бўлмайди. Уларнинг  катталарга  хос  юришга  тақлид  қилаётганини  кўрдиму  хаёлимга  баъзи  сўзлар  қуйилиб  келди:  “Шу  болалигингча  бир  умр  қол.  Катта  одамларнинг  ҳаммаси  ҳам  сизлар  ўйлаган  каби  баркамол  эмас…”   Лекин  бола  барибир  болада…  Айтсанг  ҳам  тушунмайди. Аммо  катталарга    бинойидай  тушунарли  бу  сўзлар.

Улар  ҳамма  нарсанинг  фаҳмини  тезда  илғашади,  тушунишади.  Бироқ  НЕГА?..    Келинг,  яхшиси  бу  саволнинг  давомини  кейинга  қолдирамиз.

Интернет  сайтларидаги  бир  хабарни  ўқиб  очиғи,  нафратим  жумбушга  келди. “Ўғил  ўз  отасини  ўлдирди. Болта  билан…”  эмиш. Тағин  бир  саҳифадаги  мақола  сарлавҳасининг  совуқлигини  қаранг:   “Қорли  кундаги  ташландиқ  чақалоқ…” ( ўзгартирилган  сарлавҳа  шундай  маънода  эди ).  Худдики,  норасидани  эртаклардаги  лайлак  ташлаб  кетгандек  таассурот  қолдирди  менда. Талаба  ўз  дўстини  пичоқлабди  каби  мишмишлар  ҳам  яқин  орада  қулоғимга  чалингандай  эди.

Бу  каби   кўнгилни  хира  қиладиган  хабарлар  яқин-яқинларда  бўлиб  ўтганлиги  ва  аҳёнда  кўзим  тушиб  қолиши  мени  масаланинг  жавобини  ахтаришимга  ундади. Ачинарлиси,  бу  ҳали  ҳаммаси  эмас.  Менинг  назаримда,  миллатимизга  хос  бўлмаган   мазкур   ҳолатларнинг  қамрови  борган  сари  кенгаймайяптимикин ? Айтилмай  қолиб  кетган  нохуш  воқеаларни  четга  суриб,  юқорида  келтирилган  ҳолатларга  қисқача  жавоб  изладим.

Биз  ўзбекмиз,  биз  шарқ  халқимиз. Демакки,  бизда  ор-номус,  тарбия,  ҳаё-ибо,  айниқса,  оила  муқаддас,  шу  жумладан,   ота-она  ҳам.  Хўш,  фарзандлик  бурчини  адо  этиш  ўрнига  ўғил  нега  ўз  падарининг  жонига  қасд  қилди ?    Тарбияда  нуқсон  борлиги  учун…   Фарзанд  –  бебаҳо  неъматку,  не  сабабки  совуқда  ташлаб  кетилса?   Онадаги  меҳр  нафратга  кўчганлиги  учун…   Дўст-биродарлик  оқибатнинг  ўзгинаси  эмасмидики,  сўнггида  алам  ва  ҳасадга  айланса…

Мен  буларни  далил-исбот  қилиб  ўтиришни  жоиз  топмадим. Ёдимга  маърифатпарвар  зиёли  Беҳбудийнинг  машҳур  ҳикмати  келди: “ Тарбия  бизлар  учун  ё  ҳаёт,  ё  нажот…”  Масаланинг  моҳияти  мана  шу  ҳикматда  деб  ўйлаб  қоламан  баъзан.  Ҳар  бир  инсон  ўз  ҳаёти  давомида  билиб-билмай  хатога  йўл  қўйиши,  адашиши  мумкин. Сўнгги  пушаймон – ўзингга  душман.  Аммо  ўз  жонига  чанг  солган  киши  пушаймон  ейиши  ҳақида  эшитганмисиз  ё  бўлмаса   ўз  жонига  қасд  қилган  одам  бу  иши  сабабини  қандай  исботлаши  мумкин?  Чигал  саволлар  гирдобида  қоламан…

Ўтган  йилнинг  июнь  ойларида  Президентимизнинг Самарқанд  вилоятига  ташрифлари  давомида  аёллар  ўртасида  ўз  жонига  қасд  ва  суиқасд  ҳоллари  ҳақида  гапириб,  ўтган  йилга  нисбатан  бу  кўрсаткич   ўн  учтага  кўпайганлигини  айтиб  ўтган  эдилар.  Бундай  худкушлик  тағин  аёллар  ўртасида  кўпайиб  бораётганлиги  мени  ташвишлантирди,  хавотирга  солгани  баробарида  ҳайрон  ҳам  қолдирди. Ахир,  ўзбек  аёли  учун  бу  иснод  эмасми?!

Оиламиз  бўғинида  аёлларнинг  ўрни  қанчалик  аҳамиятга  эга  эканлиги  ҳақида  гапирмоқчи  эмасман  ҳозир.

Яна  саволлар  мени   ўйлантириб  қўяди.  Нега  ўз  жонига  қасд?  Нега  аёл?  Ўзбек  аёли?!

Яқинда   бир  мақолага  кўзим  тушиб  қолди. Унда  Ўзбекистон  Мусулмонлар  идорасининг  ходими  бўлмиш  Исҳоқжон  Бегматов  ўз  жонига  қасд  ва  суиқасд  ҳолларининг  сабаб  ҳамда  оқибатлари  хусусида  сўз  юритиб,  худкушликни  келтириб  чиқараётган  бир  нечта  омилларни  санаб  ўтган  эканлар. Булар:

  • динсизлик;
  • маърифатсизлик;
  • тўқчилик;
  • йўқчилик;
  • шаҳвоний, нафсоний  севги;
  • ўз жонига  қасд  қидишни  муаммонинг  ечими  сифатида  кўриш;
  • ўлимнинг ҳақиқат  эканлиги,  охиратнинг азоб-уқубатларидан  бехабарлик;
  • руҳий хасталик.

Мана  сизга  масаланинг  энг  кўп  учрайдиган  сабаблари,  важлари…

“Кейинга  қолдирилган”  саволнинг  ўзидан  жавоб  ахтариб  кўриш  керак:  “Бироқ  НЕГА  катталар  баъзи  нарсаларни  кеч  англашади?”    Аёллар  ўртасидаги  юз  бераётган  нохушликларнинг    қаторига  эътиборсизлик,  лоқайдлик  ва  энг  муҳими,  бемеҳрлиликни  киритиб  қўйсам,  ҳайрон  бўлманг.  Аёл  яратилибдики,  у  эътибор  ва  меҳрга  муҳтож.  Ўз  фарзанди,  аёли,  жигарбандига  лоқайд  банда  куни  келиб  пушаймонликнинг  аччиқ  мевасини  ейишга  маҳкум. Юқорида  айтиб  ўтганим ўша  марҳуманинг  турмуш  ўртоғининг  кўнглидан  нелар  ўтаётганлиги   менга  қоронғу – ўзидан  ўтаётганлиги  фақатгина  ўзига  аён,  холос.

Мана  шундай  ўйловлар  билан  ишдан  қайтиб,  рўзғор  учун  таниш  бир  сотувчидан  ул-бул  харид  қиларканман, гапдан  гап  чиқиб,  у  менга  анча  йиллар  илгари  бир  аёлнинг  вафоти  ҳақида  гап  қотди.  Унинг  айтишича,  аёл  ҳали  ёш,  фарзанди  бор,  ота-онаси  ёнида,  эру  хотин  бир  маромда  яшаб  келаётган  экан. Аёл  ҳам  хушмомала,  оилапарвар  киши  экан.  Аммо   кунларнинг  бирида  ўша  аёл   ўз  турмуш  ўртоғи  томонидан  ваҳшиёна  ўлдирилибди. Яна  ўзим  билан  ўзим  бу  воқеага  жавоб  ахтарганча  бир  муддат  тўхтаб,  кетишга  шайланиб  сотувчига  шундай  дедим:

–  Замон  ўзгарди…

–    Замон  жойида,  одамлар  ўзгараяпти…

Сотувчи  бир  хўрсиниб  олди.  Мен  эсам  йўлимда  давом  этдим…

 

 

 

 

Б.СЕВДИЁР  ўғли.