Bosh sahifa Jamiyat ЗАРАФШОНДА ҲОКИМ ЎРИНБОСАРИ  МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

ЗАРАФШОНДА ҲОКИМ ЎРИНБОСАРИ  МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

0

Инсон ишидан айрилса, рўзғорига олиб борадиган даромади камаяди ёки бутунлай тўхтаб қолади. Ойлик маошига кун кечирадиганлар бундай пайтда руҳий тушкунликка тушиб қолишлари мумкин. Ходимнинг ишдан кетгандан сўнг ҳам ҳуқуқлари паймол этилсачи? Унда тегишли жойларга мурожаат қилишга тўғри келади. Навоий вилояти Зарафшон шаҳри “Мурунтау” МФЙда 18 йил давомида ишлаб келган Насиба Ҳалилова ана шундай  вазиятга дуч келди.  

 -Лавозимим қисқартирилгани боис, ишдан кетишга тўғри келди. Айни пайтда уйдаман, 5 нафар фарзаним бор, қўшимча даромадим йўқ. Ишдан кетганимдан кейин, ташкилотдан қонуний тарзда бериладиган пулларга бир-икки ой рўзғоримни тебратиб тураман деб ўйлагандим. Лекин, вазият бундай бўлмади. Ишдан бўшаш ҳақида аризамни ёзганимдан сўнг ҳам ишхонам ҳеч қандай қўшимча пул тўлаб бермади. Ҳатто меҳнат дафтарчамни ҳам 2 ҳафтадан кейин олдим.-дейди Н.Ҳалилова

 Ана шундай ҳолат Зарафшон шаҳрининг “Баҳор”МФЙда 11йил  мобайнида ишлаб келган Салима Ҳамроева билан ҳам юз берди. Фуқароларнинг Зарафшон шаҳар адлия бўлимига мурожаатидан сўнг вазиятга ойдинлик киритилди. 

 Маълум бўлишича, мазкур фуқаролар билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йилнинг 20 апрелида 12-сонли буйруқ асосида бекор қилинган. Аммо Меҳнат кодексига асосан, ходимга шу куннинг ўзида берилиш керак бўлган буйруқ нусхаси ва меҳнат дафтарчаси уларга орадан 2 ҳафта ўтгандан сўнг яъни жорий йилнинг 6 май куни тақдим этилган. Натижада ходимларнинг моддий ёрдам бўйича қўшимча кафолат олиш ҳуқуқлари бузилган ҳамда уларга иш берувчи томонидан ишдан бўшатиш нафақаси ҳам тўлаб берилмаган. 

Фуқаролар шу даврга қадар ҳам ана шу масала юзасидан  бир қатор ташкилотларга мурожаат қилинган. Ачинарлиси, оворагарчиликларга қарамасдан аёлларнинг мурожаатлари қаноатлантирилмаган. Аммо, адлия бўлими аралашувидан сўнг, ходимларга жами 11 298  679 сўм пул маблағлари ундириб берилди. 

Мазкур масала ечимида сусткашликка йўл қўйиб, меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосари, ҳамда шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Ориф НАСИРОВ, Зарафшон шаҳар адлия  бўлими бош маслаҳатчиси.