Bosh sahifa Jamiyat ЖАҲОЛАТ СЕВГИСИ

ЖАҲОЛАТ СЕВГИСИ

0

Инсониятни ташвишга солиб турган кўзга кўринмас ёв – ер юзидаги бари коронавирус жамланса аслида бир граммни ташкил этиши кишини ҳайратга солади. Ана шундай таҳликали бир вазиятда айрим масъул раҳбарларнинг давлат бюджетини талон-тарож қилаётганини эшитиб эса янада таажжубга тушасиз. 

Бутун жамиятни ташвишга солган мусибатда ўз жиғилдонини ўйлаётганлар хатти-ҳаракати – жаҳолат севгисидан бошқа нарса эмас. Бу илинж кишини тафаккуридан айириб, фикрсизлик алангасига ташлайди. Алал оқибат жаҳолат севгиси нафақат тақдирларни, балки бутун жамиятларни домига тортади. Бундан эса огоҳ бўлиш керак. 

Қайд этиш лозим, тарихга бўлган муносабат – кишининг инсоний мавқеи ва маънавият меъзонини белгилаб берадиган муҳим омиллардан бири саналади. Ўтмишга беписандлик эса айни ўша — жаҳолат севгисининг яна бир кўриниши. Бу хасталикдан қутилиш йўли эса нафақат тарихни ўрганиш ва ҳурматлаш, балки қалбни – руҳиятни поклаш билан ҳам боғлиқ.   

Тарихга муносабат – ўзликка берилган баҳо 

Маълумки, Кармана беклиги Бухоро амирлигининг иккинчи пойтахти ҳисобланган. Шу мақсадда Бухоро амири Абдулаҳадхон даврида мазкур бекликда кўплаб чорбоғ ва саройлар бунёд этилган. Айнан Мирзо Чорбоғ меъморчилиги, нафис ганчкорлиги билан ажралиб турган. Ушбу боғ амир топшириғи билан Зарафшон дарёси соҳилида 1900-1905 йилларда бунёд этилган. Сарой лойиҳаси амирнинг шахсий архитектори Хўжа Абдураҳим томонидан тайёрланган. Қурилишга машҳур ганчкор Уста Ширин раҳбарлик қилади. Афсуски, бугунги кунда мазкур тарихий обида йўқолиб бормоқда. 

IMG_1251

Бугунги кунда сарой ҳовлиси ахлат ва ҳайвон суяклари билан тўлиб ётибди. Эски қудуқ эса кўмиб ташланган. Сарой асосан ёғоч ва ғиштдан тикланган. Қийшайиб турган ёғоч синчли саройнинг кутиш зали пойдевори қулаб, ҳозирда бир уюм тупроққа айланиб қолган. Қулаган жойда фақатгина миллий нақш бўлаклари қолган. Мустаҳкам ёғочлар аҳоли томонидан талон-торож қилинмоқда. 

“Қўҳнақўрғон” маҳалласи ҳудудидаги мазкур сарой 6×20 метр узунликда бўлиб, ўймакорлик ва нақшкорликнинг  ноёб усуллари билан безатилган. Энг қизиғи, саройда ғарбга хос бўлган дизайндан ҳам фойдаланилган. Бинодаги 8 та деразасининг тепа қисми қалқонсимон, арка усулда  ишланган. Бу каби миллий меъморчилик Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса саройида ҳам учрайди. Сарой безаклари учун ранглар табиий усулда тайёрланган. Орадан 115 йил ўтган бўлса-да, ранглар жозибасини йўқотмаган. 

— Бир вақтлар бу ер “Оқсарой”, яъни чет эл давлатлари вакилларини қабул қилган муҳим манзил бўлган, — дейди тарихчи олим Рамазон Эгамов. – Девон ҳам шу ерда фаолият олиб борган. Девонда амирнинг кўплаб мирзолари бўлганлиги учун ҳам “Мирзо чорбоғ” номи келиб чиққан. Саройни  асраб қолиш, бугунги авлод зиммасидаги вазифа.

Дарвоқе, сарой ҳовлисида ноқонуний чиқиндихона пайдо бўлгани жуда ачинарли. Бу ерга эътибор қаратиш балки, мутасадди идоралар зиммасидадир, аммо чиқиндихона шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан пайдо қилинган. Вазият шу даражага етиб келганки, 100 йиллик чинорлар остидаги бу мудҳиш манзарага бугун бефарқ қаралса, тарихга – ўзликка бундай муносабат келгусида катта йўқотишни олиб келади.   

Аристонтов синоатлари: кашф этилмаган тарих

Навоий воҳаси ҳудудида юзлаб, минглаб йилларга гувоҳ тарихий қадамжолар талайгина. Ана шулардан яна бири Конимех тумани Маданият овули ҳудудиа жойлашган Аристонтов саналади. Юзлаб йиллар мобайнида бугунги конимехликларнинг қадим аждодларига замин бўлган ушбу масканга сел йўли орқалигина кириб бориш мумкин. 

Тоғ бағрида жойлашган, қарийб 2-3 гектар майдонни эгаллаган қадимий қабристон бу ерда узоқ даврлар мобайнида инсонлар яшаганлигини исботлайди. Шунингдек, қабр тошларидаги ёзувлар ҳам бунга далил саналади. Сабаби айрим кўҳна  қабртошларда эски ёзувда ўйиб ёзилган битикларга кўзингиз тушади. Шунингдек, шу ҳудудда яшаган энг сўнгги киши бу ерга 1950 йилда дафн қилинганлиги крилл ёзувида қайд этилганлигини ҳам кўриш мумкин. 

Аристонтов3

Бугунги кунда Маданият овулида яшовчи отахон – 75 ёшли фахрий ўқитувчи Асубай бобо Айдовбаев Аристонтовда туғилган кишилардан. Отахоннинг айтишича Аристонтовга XVI-XVII асрларда бугунги Қозоғистон ҳудудидан одамлар кўчиб келган. Тоғ номи ҳам бу ерга илк бор кўчиб келган киши номи билан боғлиқ. Бу ерда чорвачилик ривожланган. 100 йиллар аввал ҳам ушбу тоғда яшовчи кишилар тўкин-сочин яшаган, чорвадор бойлар кўп бўлган. Бугунги кунда конимехликлар саховатли кишиларни “Товйелибой”, деб аташади. “Тоғ эли бой”, деган жумла эса айнан Аристонтовда яшаган бой чорвадор аҳоли фаолиятидан келиб чиққан. Тоғ ёнбағрида ер ости қудуқларининг кўплиги бу ҳудудда чорвадорлар тўқ яшаганлигини кўрсатади. Бугунги кунда ҳам 10 га яқин қадимий қудуқлар сақлаб қолинган. Улардан биридан ҳамон фойдаланилади.    

Оқпошшо замонида қизил аскарлар бу ерга келиб, халқни аёвсиз талайди, шундан сўнг одамлар бу ердан кўчиб кетишга мажбур бўлади. Қолаверса, совхозлар ташкил этилганидан сўнг, кишилар дашт ҳудудларига кўчирилади. XIX-XX асрларда яшаб ўтган ҳамда ёвга қарши аёвсиз кураш олиб борган Қанат Ботир, Сугурали Ботир, Маябас Ботир каби кишлар ўтмиши ҳам айнан Аристонтов ва аристонтовликлар тарихи билан боғлиқ.  

Бу ҳудуд  тарихини илмий  асосда ўрганиш, қабртошлар сирини очиш, Аристонтов ўтмишини қайта жонлантириш бугунги кунда тарихчилар зиммасидаги муҳим вазифа саналади. 

Манзилни кузатар эканмиз, тарихий қабристоннинг яйловга айлангани, атрофи ўралмагани, қадаимги ёзувлар туширилган тошлар оёқ остида сочилиб ётганига гувоҳ бўлдик. Ҳатто айрим тарихий қабрлар ўрнида чуқур ковланиб, бу ерлардан ноқонуний равишда тилла ковлаш ишлари ҳам бажарилган. 

Бойлик учун – моддий манфаат йўлида тарихнинг бир бўлаги бўлган қабрларга, қабр тошларига зиён етказаётган кишиларни нима деб аташ мумкин?  

Тилисимли тошлар сири

Қадаимий петроглифлар макони – Сармишсой ҳақида эшитмаган киши бўлмаса керак. Бу ернинг аҳамияти нафақат юртимиз олимлари, балки жаҳон фани томонидан ҳам юқори баҳоланади. Аслида, Оқтоғ тизмасидаги тоғ ва ўнгирликлар қадимда кўплаб инсонларнинг манзил-макони бўлганлигини бу ердаги ҳали фанга маълум бўлмаган Қоронғуўнгир, Алишийх каби даралардаги петроглифлар, энг узоқ ўтмишдан яқин-яқин асрларгача таълуқли қадимий қабристонлар, тегирмон тошлар қолдиқлари ва эски шахталардан ҳам билиб олиш мумкин. Афсуски, мазкур тарихий манзиллар бугунги кунда яйловга айланган. Қабристонлар қўй-қўзилар уюри оёқ остида қолиб кетган. Петроглифли қоятошлар эса аҳоли томонидан иморат қуриш мақсадида ковлаб олинмоқда. Қоронғуўнгир Навбаҳор туманидаги Ижанд қишлоғига нисбатан яқин бўлганлиги учун у ерда ана шундай вазиятни кўриш мумкин. Миллион йиллар илгари битилган айрим петроглифларга бугунги инсонлар қўли билан зиён етказилаётгани ташвишланарли. Миллион йиллик аҳамиятга эга тарихий битик устида баъзи кишилар ўз исмини ёзиб қўяётгани ҳеч бир ақлга сиғмайди? 

Ўнгирсой

Навбаҳор тумани марказидан Оқтоғ этакларига қараб 50 километр юрилганда яна бир тилсимли тошлар макони – “Алишийх”га дуч келиш мумкин. Бу ҳудудга Хатирчи туманининг Зарафшон қишлоғи ҳудудидан кириб борилади. Аввало, миллион йиллар аввал ер қаъридан отилиб чиққан лавалар турли шаклда тошдек қотиб қолгани киши эътиборини тортади. Бу ерда ҳам бир қанча петроглифларни учратиш мумкин. Шунингдек, мазкур ҳудудда номалум қабристон, эски ёзувдаги қабр тошлари ҳам бор.

 Қадим-қадим замонларда минг-минглаб одамларга макон бўлган бу гўшада чўпонларнинг таъкидича Шайх Али деган киши яшаган. Сой бўйлаб кунчиқар томонга – Оқтоғ томонга қараб юрилганида тут дарахти ҳамда улкан харсанг тошда йирик қоматга эга одамнинг оёқ изларини эслатувчи шаклларни ҳам учратиш мумукин. Одамлар Ҳазрати Хизр шу атрофларни кезган, дея ишонишади. 

 Нима бўлганда ҳам табиат мўжизаси бўлган мазкур жойларга ўхшаш манзиллар Ўзбекистон ҳудудининг бошқа бирор жойида учрамайди. Бу каби манзиллар тарихи, ҳақиқати ва аҳамияти эса жаҳолат севгиси соясида мавҳумлигича қолмоқда.   

А+С = Жаҳолат севгиси

Тарихга бўлган аёвсиз муносабатни афсуски кўплаб ҳудудда учратиш мумкин. Ана шулардан яна бири Қизилтепа туманидаги Ванғози минораси. Тошмасжид масжиди ёнидаги 24 метр баландликдаги кўркам минора безаклари ва тузилишига кўра XII асрда барпо этилган Вобкент минорасига ўхшаб кетади. 

Тошмасжид минораси2

Минорани айланиб кўраркансиз, унинг ғиштларида севги изҳорларига кўзингиз тушади. Шунда ўйланиб қоласиз: наҳотки шундай қимматли тарихий объектга зарар етказишга бирор кишининг қўли борса? Буни амалга ошираётганлар асосан ёшлар эканлигини билиб эса хавотирингиз янада ошади. Ахир, ёш авлод ватанпарвар, миллат манфаати ҳимоячиси бўлиши керак эмасми? Зиммансида ана шундай юксак вазифаси бўлатуриб, уни ерга ураётганлар тарбияси қай даражада экан, деган савол табиий келиб чиқади? 

Конституциявий бурч қаерда қолди?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”, дея битилган. Албатта, юқорида номи қайд этилган қадамжолар маданий бойлик сифатида давлат рўйхатига олинмаган. Бироқ, улар барибир тарихнинг бир бўлаги. Шундай экан, уларни асраб-авайлаш зиммамиздаги конституциявий ва инсоний вазифа бўлиб қолаверади. 

Бу ерда нафақат фуқаролар, маданий мерос объектлари муҳофазасига масъул ташкилотларнинг ҳам айби бор, албатта. “Давлат муҳофазасига олинган” леган пешлавҳани шунчаки тарихий жойнинг ўзига эмас, бу каби объектларга бефарқ, жаҳолат севгиси тафаккурига соя солган  айрим масъулларнинг гарданига илиб қўйилса, балки тўғри бўлар. Хулоса эса, ўзингиздан…    

Озод МУСТАФОЕВ, Навбаҳор тумани