Bosh sahifa E'tirof “Жайрон” қўриқхонасида Қизилқум саҳросининг ноёб ҳайвонлари кўпайтирилмоқда

“Жайрон” қўриқхонасида Қизилқум саҳросининг ноёб ҳайвонлари кўпайтирилмоқда

0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Бухоро вилояти махсус “Жайрон” питомнигида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги лойиҳа учун вилоятимизда фаолият юритаётган “Жонли табиат” биоэкологик марказига жорий йилда 140 миллион сўм грант маблағи ажратилган эди. Айни кунда лойиҳа доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 25 сентябрь куни “Жайрон” қўриқхонаси ҳудудида журналистлар, эколог олимлар ва соҳа мутахассислари иштирокида “Экотуризмни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам” номли медиатур ташкил этилди.

Мазкур питомник Когон тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ерда ўтган асрнинг 70-йилларидан буён Қизилқум саҳросининг ноёб чўл оҳуси — жайронни асраб қолиш мақсадида иш олиб бормоқда. Қўриқхонанинг 5145 гектардан иборат ҳудудида бугунги кунда 985 бош жайрон, 125 бош қулон, 23 бош Прежевал оти, 3 бош Бухоро буғуси (хонгул), 1 бош бурамашохли тоғ эчкиси (морхур), 48 бош Бухоро қўйи ва бошқа кўплаб ноёб ҳайвонларни учратиш мумкин.

– Асосий фаолиятимиз ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни кўпайтириш, уларнинг биологиясини ўрганиш ва кўпайтирилган ҳайвонларнинг меъёрдан ортганларини ҳайвонот боғларига етказиб беришдан иборат,  дейди илмий ходим Д. Турсунов. – Табиат қўйнидаги ёввойи тарзда қўриқланаётган жайронларни тамоша қилиш истагидагилар учун отда юриш ва машина хизматлари ташкил этилган. Бироқ кун сайин ортиб бораётган сайёҳлар оқимига муносиб шарт-шароитлар ҳозирлаш, замонавий хизмат турларини яратишимиз керак. “Жонли табиат” маркази билан ҳамкорликдаги фаолиятимиз шу каби кўплаб муаммоларга ечим бўлмоқда.

— Лойиҳа доирасида сайёҳларнинг питомникда кўпайтирилаётган ҳайвонларни кузатиши, ҳудудни ва унинг фауна оламини суратга олиши учун қулайлик яратиш мақсадида махсус кузатув майдонини реконструкция қилиш кўзда тутилган,дейди марказ раҳбари, биология фанлари номзоди Э. Тоғаев.Шунингдек, қўриқхонага четдан кирувчиларнинг ортиб бораётганлигини инобатга олиб, кўпайтирилаётган 8 тур сут эмизувчи ҳайвонлар учун алоҳида-алоҳида, ҳар бир объектнинг биологияси эътиборга олинган ҳолда махсус майдонлар барпо этилади. “Жайрон” питомниги тўғрисида маълумотлар базаси тўлиқ шакллантирилиб, корхона учун хос интерактив экотаълим дастурлари ишлаб чиқаришга киришилди. Қўриқхона офисида махсус кутубхона ташкил этилади ҳамда у экология, ҳайвонлар ва ўсимликларга оид махсус адабиётлар билан тўлдирилади.

Журналистлар ва эколог олимлар қўриқхона ҳудудини кўздан кечириб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишишди. Табиий ҳудудда яратиладиган замонавий шарт-шароитлар билан боғлиқ режа ва мақсадлар юзасидан савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар тингланди.

Ҳилола ИСМАТОВА.