Bosh sahifa Yangiliklar Жиноят судларида автоҳалокатлар билан боғлиқ ишлар кўпайишига сабаб нима?

Жиноят судларида автоҳалокатлар билан боғлиқ ишлар кўпайишига сабаб нима?

0
фото: www.darakchi.uz

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўтган йил декабрь ойида эълон қилинган “Дунё миқёсда йўл ҳаракати хавфсизлиги” ахборотномасига кўра бугунги кунда ЙТҲлари инсон ўлимига сабаб бўлувчи энг муҳим саккиз сабабдан бири саналади.

Мазкур ҳужжатда қайд этилишича ҳар йили ўртача 1,3 миллион киши йўллардаги бахтсиз ҳодисалар туфайли вафот этмоқда. 5 ёшдан 28 ёшгача бўлган кишиларнинг бевақт ўлимида эса  автоҳалокатлар энг асосий сабабга айланиб улгурган. Албатта, бу ҳолат жаҳон мамлакатларининг мазкур масалага жиддий эътибор қаратиши лозимлигини кўрсатмоқда.

Юртимизда ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, ушбу масала ҳамон долзарблигича қолаяпти.

Агар мавзуни Кармана тумани мисолида давом этадиган бўлсак, жиноят ишлари бўйича туман судида 2018 йилнинг ўзида автоҳалокатлар билан боғлиқ 31 та иш кўриб чиқилиб, 33 нафар шахс жазога тортилган.

Мисол учун, 21 сентябрь куни соат 00:20 ларда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи фуқаро туманимизнинг И.Каримов кўчаси бўйлаб Навоий шаҳри томон “Ласетти” русумли автомашинани амалдаги қоидаларга риоя қилмасдан бошқариб келиши натижасида йўлнинг ўнг томонидан чап томонига ҳаракатланиб келаётган кишини уриб юборади. Натижада йўловчи оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этади. Декабрь ойида бўлиб ўтган суд мажлисида айбланувчи жиноятига тўла иқрорлик билдириб, қарама-қарши томондан келаётган автомашина чироқлари кўзини қамаштиргани ва 5-10 сония машинани шу ҳолатда бошқаргани ва нимагадир урилганини, сўнгра йўл четида тўхтаб, атрофга қарагани ҳамда  эркак кишини уриб юборгани, уни зудлик билан шифохонага олиб борганлигини таъкидлайди.

Жиноят содир этган шахснинг чин пушаймонлиги, автоҳалокатда вафот этган кишининг қариндошларига дафн маросимида ёрдамлашгани ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш ҳамда 1 йил давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эътиборингизни яна Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қаратсак: ҳайдовчиларнинг автомобилни белгиланган тезликдан ошириб ҳайдаши, маст ҳолатда рулга ўтириш, хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик ҳамда йўлларнинг носозлиги автоҳалокатлар келиб чиқишида асосий сабаблар саналади. Бундан келиб чиқиб таъкидлаш керакки, ЙТҲларнинг олдини олиш нафақат масъул ташкилотлар, балки рулга ўтирган ҳар бир кишига – унинг қай даражада қонунларни ҳурмат қилиши, ҳушёрликни қўлдан бой бермаслигига боғлиқ. Ана шундагина биз “бахтсиз ҳодиса” деб таърифловчи фожеалар келиб чиқмайди.

А.САЙДУЛЛАЕВ, жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судяси.