Bosh sahifa Mualliflardan Жиноятнинг олдини олиш ҳар биримизга боғлиқ

Жиноятнинг олдини олиш ҳар биримизга боғлиқ

0

Давлат инсонларнинг дахлсизлик ҳуқуқини таъминлар экан, аввало ҳар бир киши ҳам ўз мол-мулкини сақлашга масъул эканлигини таъкидлаб ўтиш керак. Хусусан, ўғирлик жиноятлари таҳлил қилинар экан, баъзан ўзимизнинг эътиборсизлигимиз панд бераётганлигини кўриш мумкин.  

Хусусан, жорий йилнинг 31 август куни фуқаро Ф.К. ўзганинг мол-мулкини киссавурлик йўли билан яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Кармана тумани “Талқоқ” маҳалласида жойлашган “мол бозори” ҳудудига келиб, “ўлжа” ахтаради. Елим халта ёки пичоқ билан кесиш осон бўлган бошқа бирор юкхалтага солинган пуллар борки —  унинг учун бу айни муддао эди: ғира-шира ёруғлик, қолаверса минг-минглаб одамлар орасидаги ғала-ғовурда “иш” осон битади. Биринчи ўлжа кўзга кўрингач киссавур унинг ортидан анча ергача кузатиб борди — бозор дарвозасидан ичкари кириб, одамлар орасига сингиб кетишганда қўлидаги пичоқ ёрдамида қора рангли елим сумка кўтарган кимсанинг 4 миллион 800 минг сўм миқдордаги пулларни ўмаради. 

Ишнинг ими-жимида битганидан хурсанд бўлган Ф.К. яна бир кишининг шўрини қуритмоқчи бўлди. Бу гал ҳам аввалги “сценарий” такрорланди – хамирдан қил суғиргандек! Яна 500 минг нақд қўлга киритилади.

Шу куни пулларини йўқотган фуқароларнинг бири “Каттамачит” маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳ.З, иккинчиси “Тошрабод” маҳалласида яшовчи фуқаро А.С. эди. Улар пулларини ўғирлатиб қўйганлиги борасида шикоят қилишганда, ўғирлик деярли бир соатнинг ўзида  — ярим соат вақт фарқи билан содир бўлганлиги маълум бўлади. 

Мазкур ҳолат юзасидан Кармана туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари бошлангач, бу жиноят Ф.К. томонидан амалга оширилгани ойдинлашди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Жиноятда гумон қилинувчи 1986 йилда Бухоро вилоятида туғилган бўлиб, бундан аввал жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман ҳамда Навоий шаҳар судлари томонидан судланган, хавфли рецедевист. Тошкент вилоятида яшайди.

  Қайд этиш жоиз, шу каби хатти-ҳаракатлар бир нарсани кўрсатмоқда: қимматли буюмлар, хусусан пулларимизни сейфда сақлашимиз лозим. Бозорларда, айниқса мол бозорида юрганда эътиборимизни атрофга қаратиб, боримиздан айрилишдан огоҳ бўлайлик. Албатта, жиноятчига тегишли жазо беришга ҳуқуқ идоралари масъул. Бироқ, унинг олдини олиш ҳар биримизга, ҳушёрлигимизга боғлиқ.

Б.ҲАМДАМОВ, Кармана тумани ИИБ  ҳузуридаги ТБ  катта терговчиси, капитан