Bosh sahifa Mualliflardan Жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк солиғининг 2019 йилдаги ставкалари қандай?

Жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк солиғининг 2019 йилдаги ставкалари қандай?

0

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 272-моддасига асосан мулкида солиқ солинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчилари бўлиб ҳисобланади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг кадастр қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган базадир.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг кадастр қиймати мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган шартли қиймати солиқ солинадиган база сифатида олинади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги ПҚ-4086-сонли қарорининг 15-иловасига асосан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари белгиланган.

1 Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ Солиқ солинадиган объектларнинг номи Солиқ ставкаси, мол-мулкнинг кадастр қийматига нисбатан фоизда
Турар уй-жойлар, квартиралар (умумий майдони 200 кв. метрдан ортиқ бўлганлари бундан мустасно), дала ҳовли қурилмалари, гаражлар ва бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар 0.2%
Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ортиқ бўлган турар уй-жойлар, квартиралар 0.25%
Шаҳарларда жойлашган турар уй-жой ва квартиралар умумий майдони: Солиқ ставкаси, мол-мулкнинг кадастр қийматига нисбатан фоизда
200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган 0.25%
500 кв.метрдан ортиқ бўлган 0.35%

Изоҳлар:

  1. Солиққа тортиш мақсадида жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг кадастр ҳужжатларидаги қийматидан келиб чиқиб, лекин 42 000,0 минг сўмдан кам бўлмаган қийматдан ҳисоблаб чиқарилади.

Мисол: Навоий шаҳар Х.Дўстлиги 130А-11 уйнинг эгаси Худойбердиев Анвар бўлиб, кваритранинг кадастр қиймати 38 461,5 минг сўм, жами қуришилиш ости майдони 46,2 кв.метр қилиб белгиланган. Солиқ ҳисоблашда энг кам қиймат 42 000,0 млн.сўм қиймат билан ҳисоблаб чиқарилади. Ставка қурилиш ости майдони 200 кв.метргача бўлганлиги учун 0,2% олинади. (42 000,0 минг сўм * 0,2% = 84,0 минг сўм)

Мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар аниқлаган кадастр қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида-210 000,0 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда-90 000,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг икки бараваридан келиб чиққан ҳолда ундирилади.

  1. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган жисмоний шахсларнинг алоҳида тоифалари учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон умумий майдондан 60 кв. метр миқдорида белгиланади.

Шу билан бирга солиқ юки 2019 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматга асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2018 йилдаги суммага нисбатан 30 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди.

Солиқ кодексининг 275-моддасида мол-мулк солиғига қўлланиладиган имтиёзлар қайд этилган бўлиб, мазкур кодекснинг 277-моддасига асосан имтиёзларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар имтиёзларни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этадилар.

Жисмоний шахслар солиқ солиш объектларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланган ёхуд бу объектлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган тақдирда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади, бунда жисмоний шахс ёки оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк солиғи юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2691-моддасига асосан солиқ солинадиган базанинг 2 фоизи миқдорида қилиб белгиланади.

Ер солиғи

 Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 287-моддасига асосан мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари ер солиғини тўловчилардир.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг ер участкаларининг майдонига доир маълумотлари солиқ солинадиган базадир.

Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, жойлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаллаган ер участкалари учун жисмоний шахслардан ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги ПҚ-4086-сонли қарорининг 16-иловасига асосан жисмоний шахсларнинг ерига солинадиган солиқ ставкалари белгиланди.

Ер солиғи ставкалари 2018 йилга нисбатан 20 фоизга оширилди.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 291-моддасига асосан якка тартибда уй-жой қуриш ва уйларни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки уни ободонлаштириш амалга оширилмаган тақдирда ер солиғи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уч баравар миқдорда тўланади.

Солиқ кодексининг 290-моддасида ер солиғига қўлланиладиган имтиёзлар белгиланган бўлиб, мазукр кодекснинг 293-моддасига асосан имтиёзларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ушбу имтиёзларга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этадилар.

Солиқ даври учун мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш жисмоний шахслар томонидан ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади.

Ҳурматли фуқаролар жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўлашни унутманг!