Bosh sahifa E'tirof “Жонли табиат” 140 миллион сўмлик грантга эга бўлди

“Жонли табиат” 140 миллион сўмлик грантга эга бўлди

0

Навоий вилоятида фаолият олиб бораётган 7 та ННТ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан жорий йилда эълон қилинган грант лойиҳалари ғолиби бўлди.

Хусусан, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган “Жонли табиат” биоэкологик марказига “Бухоро вилоят махсус “Жайрон” қўриқхонасида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги лойиҳаси учун 140 миллион сўм грант маблағи ажратилди.

– Табиатнинг ноёб ва бетакрор мўъжизалари жуда кўп, — дейди марказ директори Э. Тоғаев. – Бухоро вилоят махсус “Жайрон” қўриқхона ҳудуди 5 минг 145 гектарни ташкил этади. Унда 985 бош жайрон, 125 бош қулон, 23 бош ёввойи от, 3 бош Бухоро буғуси, 48 бош ёввойи қўй қўриқланмоқда. Қизил китобга киритилган бу ноёб жониворларни кўпайтириб, келажак авлодга етказиш қаршимизда турган муҳим вазифа саналади. Лойиҳада кўрсатилганидек, ноёб ҳайвон турлари кўпайтирилаётган ҳудуд ҳажми уч баробарга қисқартирилиб сайёҳлар учун қулай ва манзур бўлган вольерлар, яъни йирик қафаслар қуриш, ўша ҳудудда онлайн кутубхоналар ташкил этишни амалга оширимоқчимиз.

Таъкидлаб ўтиш керакки, грант лойиҳаларини ютиб олишда вилоятимиз учинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Ҳ.ИСМАТОВА.