Bosh sahifa Jamiyat Жорий йилда Карманада ёш оилаларга 300 та замонавий арзон уйлар қуриб топширилади

Жорий йилда Карманада ёш оилаларга 300 та замонавий арзон уйлар қуриб топширилади

0

Кармана туманининг “Варқ” ва “Пахтаобод” массивларида 52 та 2 сотихли, 3 хонали арзон уй-жой ўз эгаларига топширилди. Янги уйларни фойдаланишга топшириш маросимлари ҳақиқий байрамга айланди. Барчанинг юз-кўзида қувонч, шу юртда яшаётганидан, шу эл биланилдизию тақдири бирлигидан мамнунлик ифодаси.

Анвар Муҳаммадиев ва Гулчеҳра Расулованинг турмуш қурганига тўққиз йил бўлаяпти. Ёш оила икки боласи билан ижарама-ижара юришдан чарчаган эди. Бугун уларнинг  шунча йиллик орзулари руёбга чиқди. Тантанали маросимда туман ҳокими Фахриддин  Умаровнинг қўлидан 3 хонали уйнинг калитини  қабул қилиб олган Анварнинг қароқларида қувонч ўйнайди, ёруғ ва шинам хонадоннинг бекаси бўлганидан боши осмонга етган Гулчеҳранинг ҳаяжони кўнглига сиғмайди.

— Мен бахтиёр аёлман, — дейди у. — Шундай чиройли уй-жойим, ҳавас қилса арзигулик оилам бор. Энди бу уйда фарзандларимни эл корига ярайдиган, яхши инсонлар қилиб улғайтираман. Қишлоқ жойларида шаҳар шаротитига эгазамонавий уйларнинг барпо этилаётгани, 10 фоизлик бошланғич тўлов асосида, 20 йиллик имтиёзли кредит билан биз каби ёш оилаларга берилаётгани давлатимизнинг катта ғамхўрлиги ифодасидир. Бунинг учун юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

Гулзода Наимова кўп йиллардан буён Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида фаолият юритади. Турмуш ўртоғи Салимжон Холиқулов қўлигул уста, эл-улуснинг қурилиш ишларини бажаради. Икки нафар ўғлонни вояга етказаётган мазкур ёш оила ҳам рўзғордан орттириб, уй-жой қила олмади, ўн йилдан ошдики, ижарама-ижара сарсон бўлишди.  Янгиланган лойиҳа асосидаги намунали уйлар қурила бошлангач, Салимжон ва Гулзоданинг кўнглида умид уйғонди: бир оиланинг эмин-эркин яшаши учун барча шароитларга эга, шинам ва арзон уйни узоқ йиллик кредит асосида бемалол олиш мумкин.  Улар ўзаро маслаҳатлашиб, Кармана туман ҳокимлигига мурожаат қилишди ва натижада “Пахтаобод” массивидаги 3 хонали уйларнинг бири уларники бўлди.

— Шу кунларда осмонларда учиб юрганга ўхшайман, бу бахт сархушлиги, — дейди Гулзода хурсандликдан юзлари ёниб. — Ҳар кимнинг ҳам бошида ўз бошпанаси, Ватан ичидаги  кичик бир Ватани бўлсин. Ўғилларимиз мактабга боришади. Улар ҳам ўз уйи бўлишини шунчалик истардики, баъзида дилбандларимизнинг шу истагини амалга ошира олмаганимиздан дадаси иккимиз ўксинардик. Мана, энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бор, фарзандларимизнинг қувончи эса дунёга сиғмаяпти.

DSC_0200

Маълумотларга кўра, 2019 йилда туманда 300 тага яқин арзон уйлар бунёд этилиб, турар-жойга муҳтож ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида берилиши кўзда тутилган. Демак, ана шунча хонадонда бахт чироғи порлайди, уларда Сардоржон каби келажакда чемпион бўлишни орзу қилган юрт ворислари, миллат давомчилари камолга етади.

Холбиби САФАРОВА.