Bosh sahifa Jamiyat ИШ ҲАҚИНИ ҲИСОБОТДА АКС ЭТТИРМАСЛИК – СОЛИҚ БАЗАСИНИ ЯШИРИШДИР

ИШ ҲАҚИНИ ҲИСОБОТДА АКС ЭТТИРМАСЛИК – СОЛИҚ БАЗАСИНИ ЯШИРИШДИР

0

Яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш ҳамда барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини яратиш бугунги кунда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан корхоналарда норасмий равишда тўланаётган иш ҳақи жамғармасини легаллаштириш борасида олиб борилаётган чораларда ҳам айни мақсад мужассам.
Ходимларга ҳақиқатда тўланаётган иш ҳақи суммасини солиқ ҳисоботларида акс эттирмаслик ва бунинг учун амалдаги қонун ҳужжатларида кескин жавобгарлик чоралари белгиланган.
Дарҳақиқат, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини камайтириш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг амалдаги 4 поғонали (0; 7,5; 16,5; 22,5) ставкалари ўрнига ягона 12 фоизлик ставкаси жорий қилинди. Пенсия жамғармасига 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди, ижтимоий солиқ ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 30 октябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан 2021 йил 1 январдан қурилиш корхоналарига ишчиларни уларга иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи асосида шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилди. Бунда, нақд пул меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим.
Ҳақиқатда тўланаётган иш ҳақи суммасини солиқ ҳисоботида акс эттирмаслик учун бир қатор жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Жумладан, Солиқ кодексининг 223-моддасига кўра иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимларнинг ҳақиқий иш ҳақи суммасини солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги солиқ базасини яшириш деб баҳоланади.
Солиқ базасини яшириш ҳолатлари аниқланганда солиқ базаси суммасининг йигирма фоизи миқдорида молиявий жарима қўлланилади. Ушбу солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича яширилган солиқ базаси суммаси охирги ўн икки ой учун аниқланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1754-моддасига мувофиқ иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Хуллас, ходимларга тўланаётган ҳақиқий иш ҳақи суммасини солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттириш иш берувчиларга нисбатан қўлланиладиган жарималар ҳамда солиқ назорати тадбирларининг олдини олиш хизмат қилади.

Ғиёс БЎРОНОВ,
Навоий вилояти ДСБ бўлим бошлиғи