Bosh sahifa Bu qiziq ЎСИМЛИКЛАР ПАРВАРИШИДА ФЕРОМОН ТУТҚИЧЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ ҚАЙ ДАРАЖАДА?

ЎСИМЛИКЛАР ПАРВАРИШИДА ФЕРОМОН ТУТҚИЧЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ ҚАЙ ДАРАЖАДА?

0

Қишлоқ хўжалиги экинлар майдонларини кенгайтириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш учун карантиндаги ва бошқа иқтисодий хавфи юқори бўлган зараркунандаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу борада феромониторинг усулининг ўрни катта. Мазкур усул зараркунанданинг табиатда ривожланишини аниқлаш натижасида унга қарши биологик ёки кимёвий усулни ишлатишнинг илмий асосланган муддатини белгилаб бериб, ҳимоя самарадорлигини оширади.
“Феромон” — бу ҳашаротларни ўзаро мулоқоти учун уларнинг махсус безларидан ажратадиган мураккаб молекуляр тузилишга эга бўлган органик кимёвий моддалар аралашмасидан иборатдир. Жинсий феромон тутқичлар экологик тоза биологик ҳимоя воситаси бўлиб, ташқи муҳитга ва ўсимликка зарарсиздир. Жинсий феромон тутқичлар қўлланилиши натижасида зараркунандани пайдо бўлиши, феромонга тушган зараркунанда миқдорига боғлиқ ҳолда, унга қарши кураш муддатлари белгиланади.
Жинсий феромонни асосан урғочи зот ишлаб чиқаради. Жинсий феромон моддаси ҳашаротларнинг махсус эндокрин безлари томонидан ишлаб чиқилиб, ўзга жинсли зотини жалб этиш учун мўлжалланган. Жалб қилинган ҳидлар ушбу турга мансуб бўлган эркак ҳашаротлар асосан тунда учрашиш (урчиш) учун учиб келади.
Ҳозирги вақтда дунёда 600 га яқин ҳашаротларнинг жинсий феромон (ЖФ) таркиби аниқланган бўлиб, булардан 100 тачаси амалда ишлатилади.
Феромон тутқичлар қуйидаги мақсадларда ишлатилади:
1. Феромон тутқичлар ёрдамида айни ҳашаротнинг баҳорда ривожлана бошлаган муддатини ва зичлигини аниқлаш; мавсумда нечта бўғин берганлигини, уларнинг муддатлари ва фенограммасини тузиш.
2. Феромон тутқичларга илинган капалаклар зичлигига қараб қайси ҳимоя усулини ва қайси фурсатда ишлатиш кераклигини аниқлаш; трихограммани далага тарқатиш учун энг самарали фурсатни аниқлаш.
Феромон тутқичларни ишлаш жараёни шундан иборатки, бунда сунъий ҳидга жалб этилган эркак капалак тутқич ичига жойлаштирилган елимли қоғозга ёпишиб қолади. Сунъий феромон кучли аттрактант ҳисобланади, яъни у табиий капалакка нисбатан бир неча бор кучли жалб этиш хусусиятига эга. Ҳар бир тур ҳашарот учун маълум структура ва тузилишга эга бўлган ўзининг феромони мавжуд. Амалиётда феромон тутқич ёрдамида айни ҳашарот ривожланишини белгилаб, зарур кураш усули учун тараддуд кўриш имконияти яратилади. Бу эса биринчидан, ўз вақтида кураш олиб бориш ҳисобига зарарнинг олдини олишга, иккинчидан беҳуда ишлов ўтказишга чек қўйиш имконини яратади.
Феромон тутқичлари: тутқич, елимли ёпишгич, темир сим, ёғоч қозиқ ва феромон моддаси сингдирилган резина капсуладан иборат бўлади.
Тутқич (ловушка). Феромон тутқичларининг кўп турларини учратиш мумкин. Боғдорчиликда учбурчак шаклидаги картондан ясалган тутқич энг қулай бўлса, пахтачиликда тунламларга қарши 2-3 хил, бир-биридан кам фарқ қиладиган тутқичлар тавсия қилинган. Бу шаклдаги тутқич кўп жиҳатлари билан талабга жавоб беради. Бу тутқичлар 2 қисмдан иборат бўлиб, бир-бирига темир сим орқали бирлаштирилади. Тутқичнинг капалак кирадиган тўрт томонидаги оралиқ қушларнинг киришига имкон бермайдиган баландликда бўлади.
Елимли ёпишгич. Тутқичларнинг остки қисмига капалакларни илинтиришга мўлжалланган махсус елим суртилган қоғоз қўйилади. Капалак кўпайиб кетиши ва сатҳи чанг билан қопланиши оқибатида елим ёпишқоқлигини йўқотади. Шунинг учун уни янгилаб туриш керак. Елим сингиб кета олмайдиган махсус қоғозларга суркалади. Бир ёпишгичга 1-2 мм қалинликда елим суртилиб, иккинчи шундай тоза қоғоз билан ёпиб қўйилади. Дала шароитида ёпишгичлар бир-биридан ажратилиб тутқичларга қўйилади, яъни 2 дона ёпишгич тайёр ҳолатда бўлади. Елимни ёғочдан тайёрланган куракчалар ёрдамида осон суриш мумкин. Ёпишгичларни тутқичларга жойлаштиришни осонлаштириш учун бир томондан марказгача кесиб қўйилади. Ёпишгичларни алмаштиришда қисқичдан (пинцет) фойдаланилади. Елимни бир томони плёнка билан қопланган (ламинация қилинган) картон қоғозларга суртиш лозим. Умуман, бу қоғозлар намни ва елимни ўтказмаслиги керак.

М.Остонов, Д.Эгамқулов, Навоий вилоят ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси агроном инспекторлари